Андижонда 38,3 млрд сўмлик кешбэк талон-торож қилинди

Андижон вилоятида 38,3 млрд сўм бюджет маблағини кешбэк кўринишида талон-торож қилиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ўтказган терговга қадар текширувда фуқаро Ё.Қ. ва бошқалар ўзаро тил бириктиргани айтилмоқда.
Текширув маълумотларига кўра, улар бешта масъулияти чекланган жамият номига бошқа корхоналар томонидан 2,2 трлн сўмлик маҳсулот етказиб берилгани ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирган.
Шундан сўнг, гўё савдодан тушган маблағлар назорат-касса машиналари орқали кирим қилинган ва маҳсулотлар аҳолига сотилгани ҳақида харид чеклари чиқарилган.
Ушбу чеклар асосида 94 921 нафар фуқаро, жумладан, ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган шахсларга «Солиқ Мобиле» иловаси орқали кешбэк тўловлари амалга оширилган.
Натижада 38,3 млрд сўм бюджет маблағи ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.
Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 167-моддаси, яни ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда 228-моддаси, яни ҳужжатларни қалбакилаштириш ва улардан фойдаланиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.































Изоҳлар 0
…