date

Оролни қутқариш халқаро жамғармасида муҳим ташаббуслар илгари сурилди

Оролни қутқариш халқаро жамғармасида муҳим ташаббуслар илгари сурилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 апрель куни Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

Тадбир Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида ўтди. Унда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда ОҚХЖ Ижроия қўмитаси раиси Асхат Оразбай ҳам қатнашди.

Йиғилишда Қозоғистоннинг 2023–2026 йиллардаги раислик даври натижалари кўриб чиқилиб, Орол денгизи ҳавзасидаги экологик вазият, сув ресурсларини бошқариш ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш масалалари юзасидан кенг фикр алмашилди.

Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси минтақа учун ноёб ҳамкорлик платформаси эканини таъкидлади. Унинг айтишича, иқлим ўзгариши, сувга бўлган талабнинг ортиши ва ресурслар танқислиги шароитида жамғарманинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Прогнозларга кўра, 2040 йилга бориб Орол ҳавзасида сув танқислиги йилига 20 миллиард куб метрга етиши мумкин. Бу эса ичимлик суви, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва экология соҳаларида жиддий хавфларни келтириб чиқаради.

– Экспертларнинг баҳоларига кўра, 2040 йилга бориб, Орол денгизи ҳавзасида сув ресурслари тақчиллиги деярли икки баробар – йилига 20 миллиард куб метргача ошиши мумкин. Бу ичимлик суви таъминоти, экология, аграр сектор, энергетика ва ижтимоий барқарорлик учун қўшимча хавф-хатарларни юзага келтиради, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент минтақада сувдан самарасиз фойдаланиш муаммосига ҳам эътибор қаратди. Ҳозирги кунда қишлоқ хўжалигида 1 доллар қиймат яратиш учун ўртача 3 куб метр сув сарфланмоқда, бу эса жаҳон кўрсаткичларидан анча юқори.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда сув тежовчи технологиялар жадал жорий этилаётгани қайд этилди. Суғориладиган ерларнинг 60 фоизида замонавий тизимлар татбиқ этилган, ирригация тармоқларининг 40 фоизи бетонлаштирилган. Бу чоралар орқали йиллик 10 миллиард куб метр сув тежалмоқда.

Шавкат Мирзиёев жамғарма фаолиятини янада кучайтириш, унинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини такомиллаштириш, ҳамкорликни кенгайтириш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурди. Жумладан, ОҚХЖнинг бошқа минтақавий тузилмалар билан интеграциясини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

– Бу барча давлатларимиз ҳудудида ҳаётий муҳим экологик ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун мақсадли инвестицияларни йўналтириш имконини беради, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, сув ресурсларидан фойдаланиш маданиятини ошириш, аҳолини ва фермерларни замонавий технологияларга ўргатиш мақсадида “Келажак суви” минтақавий дастурини ишга тушириш таклиф этилди.

– Кўриниб турибдики, агар жамиятнинг сувга бўлган муносабати ўзгармаса, ҳеч қандай муҳандислик ечимлари кутилган самарани бермайди. Узлуксиз таълим тизими орқали – мактабгача таълим даражасидан то мутахассисларни тайёрлашгача – сувдан оқилона фойдаланишни ҳар бир кишининг кундалик одатига, умумий маданий кодимизга айлантиришга интилишимиз лозим, – деди давлатимиз раҳбари.

Афғонистонни ҳам минтақавий экологик ҳамкорликка жалб этиш масаласи ҳам кўтарилди. Бу орқали сув ресурсларини адолатли тақсимлаш ва умумий экологик барқарорликни таъминлаш мумкинлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунида бир қатор муҳим қарорлар, жумладан Остона баёноти қабул қилинди. Шунингдек, 26 мартни Халқаро Орол денгизи, Амударё ва Сирдарё куни деб эълон қилиш ҳамда Шавкат Мирзиёевни 2027–2029 йилларда ОҚХЖ раиси этиб сайлаш ҳақидаги қарорлар имзоланди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Оролни қутқариш халқаро жамғармасида муҳим ташаббуслар илгари сурилди