Пора билан иш битирмоқчи бўлганлар қўлга тушди

Фото: Хавфсизлик
Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида ишга жойлаштириш, турли рухсатномалар тайёрлаб бериш ва нафақа масалаларини ҳал қилиш билан боғлиқ коррупцион ҳолатлар фош этилди. Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида бир нечта мансабдор ва воситачиларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Маълум қилинишича, Хоразм вилоятида қайд этилган ҳолатда Ички ишлар бошқармасининг Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси кичик инспектори фуқаронинг ишончига кириб, унинг танишини ички ишлар органларига ишга жойлаштириб беришни ваъда қилган.
Тергов маълумотларига кўра, у мазкур хизмат эвазига 4500 АҚШ доллари талаб қилган. Тезкор тадбир вақтида эса инспектор олдиндан 1800 доллар ва 2,4 миллион сўм олган пайтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тошкент вилоятида кузатилган ҳолатда эса туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими методисти хусусий оилавий боғча очмоқчи бўлган фуқародан турли рухсатномаларни расмийлаштириб бериш учун пул талаб қилган.
Хабарларга кўра, у хонадоннинг санитария талабларига мослиги бўйича ҳужжат тайёрлаб бериш учун 1,5 миллион сўм, ёнғин хавфсизлиги талаблари бўйича ижобий хулоса олиб бериш учун эса 200 АҚШ доллари сўраган.
Тезкор тадбир жараёнида методист пул маблағини олаётган вақтда қўлга олинди. Шунингдек, тадбир давомида ундан 200 доллар олган вақтида туман Фавқулодда вазиятлар бўлими катта инспекторининг ҳам ноқонуний ҳаракатлари фош қилинди.
Шунга ўхшаш ҳолат Қорақалпоғистон Республикасида ҳам аниқланган. Хусусан, Чимбой туманида яшовчи аёл Кегейли тумани фуқаросига ёшга доир нафақа тайинланиши учун унинг иш стажини сунъий равишда кўпайтириб беришни ваъда қилган.
Ушбу хизмат эвазига 7 миллион сўм олган вақтида аёл қўлга олинган. Тергов жараёнида маълум бўлишича, у бу ишни Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида масъул лавозимда ишловчи ўғли орқали амалга оширишни режалаштирган.
Ҳозирда мазкур учала ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Мутахассислар коррупция ва порахўрликка қарши курашиш бўйича тезкор тадбирлар келгусида ҳам изчил давом эттирилишини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!