Андижонда кам учрайдиган ҳолат: 4 нафар эгизак туғилди

Андижон вилоятида шифокорлар яна бир қувончли воқеага гувоҳ бўлди. Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Андижон вилояти филиалида бир йўла 4 нафар эгизак чақалоқ дунёга келди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, Андижон шаҳридаги “Ғайрат” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Одинахон Муҳаммаджонова жорий йилнинг 2 июнь куни кўп ҳомилали ҳомиладорлик ташхиси билан мазкур тиббиёт муассасасига ётқизилган.
Бир неча кундан сўнг унга муддатидан олдинги туғуруқ ташхиси қўйилиб, кесарча кесиш амалиёти ўтказилган.
Туғуруқ жараёни филиалнинг тажрибали акушер-гинекологлари, неонатологлари ҳамда реаниматологлари иштирокида муваффақиятли амалга оширилган.
— биринчи чақалоқ ўғил бўлиб, вазни 2415 грамм, бўйи 44 сантиметр;
— иккинчи чақалоқ ўғил бўлиб, вазни 1730 грамм, бўйи 37 сантиметр;
— учинчи чақалоқ ўғил бўлиб, вазни 2405 грамм, бўйи 44 сантиметр;
— тўртинчи чақалоқ қиз бўлиб, вазни 1885 грамм, бўйи 39 сантиметрни ташкил этган.
Маълум қилинишича, ҳозирги вақтда она ва чақалоқларнинг аҳволи яхши. Улар малакали тиббиёт ходимлари кузатуви остида бўлиб, зарур тиббий парвариш билан таъминланмоқда.





























Изоҳлар 0
…