Қизларга шилқимлик қилгани айтилган директор текширилмоқда

Самарқанд шаҳридаги мактаб директорларидан бири тадбирга келган қизларга нисбатан ноўрин хатти-ҳаракат қилгани ҳақида маълумотлар тарқалди.
Маълумотда айтилишича, воқеа 2026 йил 16 июнь куни содир бўлган. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокими ўринбосари Ҳусен Тўхтаев иштирокида муҳокама ўтказилган, шунингдек, Самарқанд вилояти ИИБга ҳам мурожаат қилинган. Бироқ, нашриёт раҳбарига кўра, шу вақтга қадар директорга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган.
Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари ундан шаҳардаги 81-мактабда ўтказилаётган тадбир учун китоб растаси ташкил этишда ёрдам сўраган. Шундан сўнг нашриётнинг уч нафар ходимаси китоблар билан мазкур мактабга юборилган.
Унинг сўзларига кўра, тадбир тугагач, 81-мактаб директори қизларни китобларни босмахонага олиб бориш учун машинасига миндирган. Йўл давомида уларга шахсий мазмундаги гаплар айтган ва кейинроқ уйларига ҳам олиб боришни таклиф қилган. Қизлар эса бу таклифни рад этган.
Нашриёт раҳбари директор тадбирдан аввал ходималардан бирининг телефон рақамини сақлаб қолганини, кейин эса унга «менда яхши таассурот қолдирдингиз», «яқинроқ танишсак бўладими» каби шахсий хабарлар юборганини ҳам айтди.
Маълум қилинишича, бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари Рустам Йўлдошев ҳам хабардор қилинган. Бироқ, нашриёт раҳбарининг таъкидлашича, ҳолатга нисбатан амалий чора кўрилмаган.
Зебо Исматуллаеванинг фикрича, директорга нисбатан чора кўрилмаётгани ота-оналарнинг хавотирини кучайтирмоқда. Уларнинг айримлари бундай вазият давом этса, фарзандларини бошқа мактабга ўтказиш ҳақида ўйлаётганини билдирган.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ҳамидулло Сагдуллаевнинг маълум қилишича, мазкур мурожаат юзасидан ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтиш жоиз, аввалроқ ҳам ушбу мактаб директори ўқувчиларга қўл кўтаргани ҳақидаги ҳолат кенг муҳокама қилинган ва шундан сўнг унга нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси қўллангани маълум қилинган.
Бу ҳолат бўйича расмий терговга қадар текширув давом этмоқда. Шу сабабли келтирилган маълумотлар мурожаатчиларнинг баёнотлари ҳамда расмий идоралар билдирган ахборотларга асосланган бўлиб, якуний ҳуқуқий баҳо текширув натижаларига кўра берилади.






























Изоҳлар 0
…