Ролик учган ёшлар ИИО ходимлари талабига бўйсунмади

Тошкентдаги Ислом сивилизацияси маркази ҳудудида ролик учиш қоидаларини бузиб, ИИО ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган Ю., С. ва А. суд томонидан жазоланди. Воқеа 16 август куни тахминан соат 21:00 да содир бўлган, ходимлар ёшларни ҳудудда ролик учиш мумкин эмаслигидан огоҳлантирган. Суд Ю., С. ва А.
Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ҳудудида ролик учиш қоидаларини бузган ва ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган бир гуруҳ ёшлар суд томонидан жазоланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ёшларнинг ИИО ходимлари билан тортишаётгани ва уларнинг талабларига қаршилик кўрсатаётгани акс этган. Қайд этилишича, воқеа 16 август куни тахминан соат 21:00 да содир бўлган.
Маълумотларга кўра, бир гуруҳ ёшлар фуқаролар гавжум бўлган марказ ҳудудида ролик учмоқчи бўлган. Воқеа жойига келган ИИО ходимлари уларга ушбу ҳудудда ролик учиш мумкин эмаслигини тушунтириб, тегишли огоҳлантириш берган.
Бироқ ёшлар ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмаган. Ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар Олмазор тумани жиноят ишлари бўйича судига юборилган.
Суд қарорига кўра, Ю., С. ва А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 194-моддаси 1-қисмида (ички ишлар органи ходимининг қонуний талабини бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топилган.
Уларга нисбатан турли маъмурий жазолар тайинланган. Хусусан, Ю. ва С. жаримага тортилган бўлса, А. га 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланган.
Ҳодисадан сўнг ёшлар қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, жамоатчиликдан узр сўраган.






























Изоҳлар 0
…