Сергелидаги бадбўй ҳидга ниҳоят чек қўйилади: муддат айтилди

Сергелидаги бадбўй ҳидга ниҳоят чек қўйилади: муддат айтилди

Сергели ва Янгиҳаёт туманлари аҳолисини йиллар давомида безовта қилиб келаётган бадбўй ҳид муаммосини ҳал этиш бўйича аниқ муддат белгиланди. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда ушбу масала атрофлича муҳокама қилиниб, масъулларга 1 сентябрга қадар муаммони тўлиқ бартараф этиш вазифаси юклатилди.

Маълум қилинганидек, ёқимсиз ҳиднинг асосий манбаи сифатида сув тозалаш иншооти кўрсатилган. Шу муносабат билан оқова сув қабул қилиш мажмуасига замонавий фильтрлаш технологиялари ўрнатилиб, ҳавога тарқалаётган нохуш ҳидни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Йиғилишда мазкур муаммони узоқ муддатли ҳал қилишга қаратилган йирик лойиҳа ҳам эълон қилинди. Унга кўра, 2027 йилдан Бирлашган Араб Амирликлари ҳамкорлигида Қуйи Чирчиқ туманида қуввати суткасига 300 минг куб метр бўлган янги замонавий сув тозалаш иншооти қурилиши бошланади. Бу эса Сергелидаги мавжуд иншоот юкламасини сезиларли даражада камайтириши кутилмоқда.

Маълумот учун, Сергелидаги бадбўй ҳид муаммоси бир неча йилдан буён аҳолининг асосий эътирозларидан бири бўлиб келмоқда. Хусусан, 2021 йилда “Ўзгариш” маҳалласи аҳолиси доимий нохуш ҳид юзасидан мурожаатлар йўллаган эди. Ўша вақтда ўтказилган текширувлар давомида оқова сув ташловчи қатор корхоналарнинг 22 нафар масъулига нисбатан маъмурий чоралар кўрилган.

Йиғилишда транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам қатор вазифалар белгиланди. Жумладан, 2026 йилда Сергели туманидаги асосий 23 километрлик йўлларда ҳаракат хавфсизлиги қайта кўриб чиқилади. Шунингдек, 455 та “ақлли” светофор ўрнатилади, 150 та автобус бекати янгиланади ва 10 минг ўринли автотураргоҳ барпо этилади.

Бундан ташқари, келаси йил Янги Сергели кўчасида автобуслар учун 5,5 километрлик BRT йўлаги қурилиши режалаштирилган. У мазкур йўлакни Шота Руставели кўчаси билан боғлайди. Шу билан бирга, Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларини пойтахтнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган Тошкент ҳалқа йўлидаги янги кўприк қурилишини жадаллаштириш вазифаси ҳам белгиланди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар