Талабалар ётоқхонаси учун янги субсидия тартиби жорий этилди

Талабалар ётоқхонаси учун янги субсидия тартиби жорий этилди

Ўзбекистонда талабалар турар жойларини давлат-хусусий шериклик асосида қуриш ва молиялаштириш тартиби янгиланди. Энди тадбиркорлар замонавий ётоқхоналар қуради, давлат эса қурилиш ва улардан фойдаланиш харажатларининг бир қисмини қоплаб беради.

Янги тизим талабалар учун турар жойлар сонини ошириш, хусусий секторни жалб қилиш ва ётоқхоналардаги шароитни яхшилашга қаратилган.

Лойиҳа камида 200 ўринли бўлиши керак

Ҳукумат қарорига кўра, давлат-хусусий шериклик асосидаги янги лойиҳалар камида 200 ўринли талабалар турар жойини қуришни назарда тутиши лозим.

Тадбиркорлар давлат билан тузилган битим асосида ётоқхонани қуриш, жиҳозлаш ва бошқариш билан шуғулланади.

Давлат эса белгиланган лимит доирасида ҳар бир ётоқ ўрни учун қурилиш харажатларининг 50 фоизигача субсидия ажратади.

Талабалар тўловининг бир қисми қопланади

Ётоқхонада яшаш учун тўлов миқдори давлат ва хусусий шерик ўртасидаги келишув асосида белгиланади.

Давлат қабул комиссияси орқали жойлаштирилган талабалар учун ётоқхонани сақлаш ва ундан фойдаланиш харажатларининг 50 фоизигача давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

Субсидиялар махсус электрон платформа орқали талабаларнинг биометрик идентификацияси асосида ҳисобланади. Бу маблағларни ҳақиқатан ётоқхонада яшаётган талабалар учун ажратиш имконини беради.

Бўш ўринларга бошқа талабалар ҳам жойлашиши мумкин

Агар талабалар турар жойида бўш ўринлар қолса, уларга бошқа олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган талабаларни ҳам жойлаштиришга рухсат берилади.

Шунингдек, ётоқхона учун ажратилган ер майдонида битимда кўрсатилган ётоқ ўринларидан ташқари қолган бўш ҳудудлардан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиш мумкин бўлади.

Бу ерда ошхона, маиший хизмат, савдо ёки талабалар учун бошқа сервис объектлари ташкил қилиниши мумкин.

50 ўринли ётоқхоналар амалиёти бекор қилинади

2026 йил 1 июлдан давлат олий таълим ташкилотлари буюртмаси асосида тадбиркорлар томонидан 50 ўринли янги ётоқхоналар қуриш амалиёти бекор қилинади.

Бироқ аввал бошланган лойиҳалар тўхтатилмайди. Улар тузилган битимлар муддати якунлангунга қадар амалдаги тартиб асосида давом эттирилади.

Янги тизим орқали йирик ва замонавий талабалар турар жойларини кўпайтириш ҳамда ётоқхонага эҳтиёжманд ёшларни қамраб олиш режалаштирилмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар