Навоийда каналда чўмилган икки 15 ёшли ўсмир фожиали ҳалок бўлди

Навоий вилоятида икки ўсмирнинг ҳаётига зомин бўлган аянчли ҳодиса юз берди. Дастлабки маълумотларга кўра, улар чўмилиш учун каналга тушганидан сўнг ҳалок бўлган. Айрим маълумотларда эса фожиага электр токи сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.
Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилишича, воқеа 2 июль куни туш вақтида Навбаҳор туманидаги Янгиобод маҳалласи ҳудудида содир бўлган.
Аниқланишича, 2011 йилда туғилган икки нафар ўсмир — Р.Б. ва А.С. маҳалла орқали оқиб ўтувчи Конимех каналига чўмилиш мақсадида борган. Орадан кўп ўтмай уларнинг жасадлари сувдан олиб чиқилган.
Ҳозирда ушбу фожианинг аниқ сабабларини белгилаш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Навбаҳор тумани ички ишлар бўлими томонидан ўлим сабабини аниқлашга қаратилган текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Мутасаддилар фуқароларни, айниқса ёшларни, белгиланмаган жойларда чўмилмасликка ҳамда хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишга чақирмоқда. Тергов якунига кўра, ҳодисанинг барча тафсилотларига ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинди.






























Изоҳлар 0
…