Самарқандда ниқобли шахс банкка бостириб кириб, пул талаб қилди

Самарқанд шаҳрида жойлашган банклардан бирида хавотирли воқеа содир бўлди. Ниқоб таққан шахс банкка бостириб кириб, ўзида портловчи модда борлигини айтиб, ходимлардан пул талаб қилди. Ҳодиса бўйича гумонланувчи қўлга олинди.
Маълумотларга кўра, воқеа 13 июль куни соат 17:00 атрофида Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган банк филиалида юз берган. Хавфли вазият ҳақида хабар келиб тушгач, воқеа жойига Қўриқлаш хизмати тезкор ҳаракатланувчи гуруҳи, ички ишлар органлари ва тез тиббий ёрдам ходимлари зудлик билан етиб борган.
Дастлабки маълумотларга кўра, қишки кийимда бўлган, юзини ниқоб билан беркитган ва қора сумка кўтарган эркак банк ичига кириб, ойналарни синдирган. Шундан сўнг у ўзида портловчи модда мавжудлигини айтган ҳолда пул беришни талаб қилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари гумонланувчи билан музокаралар ўтказган. Натижада у қаршилик кўрсатмасдан ўз ихтиёри билан таслим бўлган ва ички ишлар органлари ходимларига топширилган.
Ҳодиса вақтида банк ходимлари ва мижозлардан ҳеч ким жабрланмаган.
Дастлабки текширувларга кўра, гумонланувчи пул маблағларини ноқонуний йўл билан қўлга киритишни режалаштирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






























Изоҳлар 0
…