Беларусга ишга кетган ўзбекистонликлар: «Бу маошга ишлашдан кўра, юртга қайтганимиз яхши»

Беларусь Республикасига ишлаш учун борган бир гуруҳ ўзбекистонликлар меҳнат шароитлари ва ойлик маошдан норози эканини билдириб, Андижон вилояти ҳокимига видеомурожаат йўллади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаат жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.
Фуқароларнинг айтишича, иш берувчи томонидан ваъда қилинган ойлик иш ҳақи 500 АҚШ долларини ташкил этади. Бироқ ушбу маблағнинг катта қисми кундалик харажатларга сарфланади.
Уларнинг ҳисоб-китобига кўра, тахминан 200 доллар овқатланиш учун кетади. Яна 100 доллар шахсий эҳтиёжлар, гигиена воситалари ва бошқа майда харажатларга сарфланади. Шунингдек, ётоқхона учун ҳам ишчиларнинг ўзлари тўлов қилиши талаб этилмоқда. Натижада қўлда ўртача 200 доллар атрофида маблағ қолиши айтилган.
Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, бундай даромад учун хорижда ишлаб, оиласидан узоқда яшаш ва турли қийинчиликларга дуч келиш ўзини оқламайди. Улар Ўзбекистоннинг ўзида ҳам шундан кўпроқ даромад топиш мумкинлигини билдирган.
Шу муносабат билан Беларусьда меҳнат қилаётган фуқаролар Андижон вилояти ҳокимидан вазиятни ўрганиш, иш берувчи билан музокара ўтказиш ёки уларни Ўзбекистонга қайтариш масаласида амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.
Ҳозирча мазкур мурожаат юзасидан расмий идоралар томонидан баёнот берилмаган.






























Изоҳлар 0
…