Жазирамада 103 хизмати қанча чақириқ қабул қилди?

Ўзбекистонда кузатилаётган аномал иссиқ кунларига қарамай, тез тиббий ёрдам хизматига келиб тушган чақириқлар сони кескин ошмаган. Бу ҳақда 17 июль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, аномал иссиқ кузатилган сўнгги 4 кун давомида республика бўйича 103 хизматига жами 166 минг 726 та чақириқ келиб тушган. Барча мурожаатлар белгиланган тартибда қабул қилиниб, беморларга ўз вақтида тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Ғофуровнинг таъкидлашича, иссиқ ҳаво айниқса юрак-қон томир, нафас йўллари ва қандли диабет каби сурункали касалликларга чалинган фуқаролар, шунингдек, кексалар, ҳомиладор аёллар ҳамда болалар учун хавфлироқ ҳисобланади. Шу боис уларнинг соғлиғини доимий тиббий назоратда ушлаш ва зарурат туғилганда шошилинч ёрдам кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга.
Мутахассиснинг айтишича, кучли жазирамага қарамай, айни кунларда чақириқлар динамикаси барқарор сақланган. Бу эса масъул идоралар томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳолига аномал иссиқ шароитида эҳтиёт чораларига амал қилиш бўйича берилган тавсиялар самара берганини кўрсатади. Шу сабабли мурожаатлар сони аввалги 9–12 июль кунларига нисбатан жиддий ошмаган.
Шифокорлар аҳолига куннинг энг иссиқ соатларида заруратсиз ташқарига чиқмаслик, етарли миқдорда сув истеъмол қилиш, ёғли, қовурилган ва ўта шўр таомларни чеклаб, енгил ҳазм бўладиган овқатлар ҳамда сабзавотли салатларни кўпроқ истеъмол қилишни тавсия этмоқда.






























Изоҳлар 0
…