2 мингта ариза асоссиз рад этилган: Президент қатъий топшириқ берди

2 мингта ариза асоссиз рад этилган: Президент қатъий топшириқ берди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий реестрга киритиш билан боғлиқ жиддий камчиликлар аниқланди. Президент Шавкат Мирзиёев 16 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бир ой ичида 184 та маҳаллага келиб тушган 2 мингта аризанинг барчаси асоссиз рад этилганини кескин танқид қилди.

Оилалар кафолатланган хизматлардан маҳрум бўлмоқда

Йиғилишда маҳаллаларда ижтимоий ёрдам кўламини кенгайтириш ва «маҳалла еттилиги» фаолиятини янгича ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Айрим ҳудудларда эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий реестрга киритиш асоссиз рад этилаётгани ёки улар сунъий равишда рўйхатдан чиқарилаётгани қайд этилди.

Бунинг оқибатида фуқаролар:

  • ижтимоий ёрдам олиш;

  • фарзандини боғчага жойлаштириш;

  • болаларни тўгаракларга бериш;

  • бошқа кафолатланган ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини йўқотмоқда.

Айниқса, 184 та маҳаллада бир ой давомида келиб тушган 2 мингта аризанинг бирортаси ҳам қаноатлантирилмагани жиддий эътирозга сабаб бўлди.

Президентга мурожаатлар 46 мингтага етди

Бундай камчиликлар Бўстон, Олтинкўл, Ховос, Тошлоқ, Шароф Рашидов, Учқудуқ ва Деҳқонобод туманларида кўп учраётгани айтилди.

Натижада ижтимоий реестрга кириш масаласида Президентга йўлланган мурожаатлар йил бошидан буён 1,5 баравар ошган. Уларнинг сони 30 мингтадан 46 мингтага етган.

Бу рақамлар фуқароларнинг маҳаллий даражада ўз муаммосига ечим топа олмаётгани ва юқори идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлаётганини кўрсатади.

Бош прокуратурага қатъий назорат топширилди

Йиғилишда ижтимоий реестрнинг ҳаққоний юритилишини таъминлаш бўйича масъулларга аниқ вазифалар берилди.

Бош прокуратурага реестрга киритиш ва ундан чиқариш жараёнларини қатъий назорат қилиш топширилди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева эса реестрдаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги юзасидан Президентга мунтазам ахборот бериб боради.

Асоссиз рад жавобларига йўл қўйган масъулларнинг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши кутилмоқда.

25 турдаги хизмат маҳаллага туширилади

Президент мутасаддилар олдига йил якунига қадар яна 25 турдаги ижтимоий хизматни бевосита маҳалла даражасига тушириш вазифасини қўйди.

Улар орасида ногиронликни эрта аниқлаш, эҳтиёжманд фуқаролар хонадонларини уларнинг имкониятларига мослаштириш ва ижтимоий уйларга жойлаштириш каби хизматлар бор.

Бу ўзгаришлардан мақсад — одамларни турли идораларга қатнашдан халос қилиш ва зарур ёрдамни яшаш жойининг ўзида олиш имконини яратиш.

250 та маҳаллада «Мадад» уйлари очилади

Келгуси уч ой давомида ижтимоий ҳимоя соҳасида бир қатор янги лойиҳалар амалга оширилади.

Деменция ва ақлий заифлиги бўлган шахслар учун 250 та маҳаллада кундузги ҳамда уйда парвариш хизматлари йўлга қўйилади. Шу ҳудудларда «Мадад» уйлари ҳам ташкил этилади.

Бундан ташқари, 75 та маҳаллада ўзгалар парваришига муҳтож кексалар учун «Фаол ҳаёт» дастури ишга туширилади. Қаровсиз қолган ёки зўравонликка учраган болалар учун эса махсус «Қўллаб-қувватлаш марказлари» очилади.

Ёрдам ҳақиқий эҳтиёжмандга етиб бориши керак

Йиғилишда белгиланган вазифалар ижтимоий ёрдамни қоғозда эмас, амалда манзилли етказишга қаратилган.

Энди маҳалла масъулларининг асосий вазифаси аризаларни оммавий рад этиш эмас, ҳар бир оиланинг ҳақиқий аҳволини ўрганиб, қонуний ва адолатли қарор қабул қилишдан иборат бўлади.

Сизнингча, ижтимоий реестрга киритишни асоссиз рад этган масъуллар қандай жавобгарликка тортилиши керак?

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар