Афғонистон Ўзбекистон ҳақидаги баҳсли баёнотларга расмий жавоб берди

Ўзбекистоннинг Кобул шаҳридаги элчихонаси Афғонистон расмийси номидан Ўзбекистонга нисбатан айтилгани ҳақида тарқалган танқидий баёнотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқлар ва айрим ОАВларда Афғонистон муваққат ҳукуматининг Фазилатларни тарғиб қилиш ва ёмонликларнинг олдини олиш вазири Холид Ҳанафий нутқида Ўзбекистон ҳақида танқидий фикрлар билдиргани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Мазкур маълумотлар юзасидан Ўзбекистон томони тезкор ўрганиш ишларини амалга оширди. Натижада 16 июль куни Афғонистоннинг Фазилатларни тарғиб қилиш ва ёмонликларнинг олдини олиш вазирлиги расмий раддия бериб, тарқалган иддаолар ҳақиқатга мос эмаслигини маълум қилди.
Расмий баёнотда айрим оммавий ахборот воситалари ва бошқа манбалар икки қардош давлат ўртасидаги ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларига путур етказиш мақсадида фактларни нотўғри талқин қилаётгани таъкидланган.
Вазирлик баёнотида Ўзбекистон Ислом цивилизациясининг муҳим марказларидан бири экани, Имом Бухорий каби буюк уламолар ватани сифатида юксак қадрланиши қайд этилди. Шунингдек, Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги диний, тарихий ва маданий яқинлик алоҳида эътироф этилди.
Расмийларга кўра, ижтимоий тармоқлар ва айрим нашрларда Ўзбекистон ҳақида тарқалган салбий мазмундаги фикрлар вазирнинг ҳақиқий позициясини акс эттирмайди. Шу боис мазкур даъволар қатъий рад этилди ва улар ҳақиқатни бузиб кўрсатиш сифатида баҳоланди.
Баёнот якунида икки мамлакат ўртасидаги дўстона, ўзаро ҳурмат ва яхши қўшничилик муносабатлари келгусида ҳам мустаҳкамланиб боришига ишонч билдирилди.






























Изоҳлар 0
…