Тошкентда курьер BYD машинасини туртиб олгани учун калтак еди

Тошкентда курьер BYD машинасини туртиб олгани учун  калтак еди

Тошкент шаҳрида BYD автомобили ҳайдовчиси ва скутер бошқарган курьер ўртасида юз берган жанжал ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Воқеа акс этган видео тарқалгач, ҳайдовчига нисбатан қонуний чоралар кўрилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилди.

Маълум қилинишича, ҳодиса 19 июлдан 20 июлга ўтар кечаси Учтепа туманидаги «Ватан» чорраҳасида содир бўлган. Дастлаб скутер ҳайдовчиси ва BYD автомобили бошқарувчиси ўртасида йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ келишмовчилик юзага келган.

Ҳайдовчининг таъкидлашича, курьер ҳаракат вақтида эътиборсизлик қилгани сабабли тўқнашув хавфи пайдо бўлган. Бироқ воқеа йўл-транспорт ҳодисасига айланмаган.

Шундан кейин икки томон ўртасида оғзаки тортишув бошланган. Ҳайдовчи жаҳл устида курьерга бир марта қўл кўтарганини тан олди. Кейинчалик у қилган ишидан афсусда эканини билдириб, жабрланувчи ва воқеага гувоҳ бўлган фуқаролардан очиқчасига узр сўради.

Унинг айтишича, воқеа вақтида у ўз автомобилини эмас, балки танишининг машинасини бошқарган. Шу боис транспорт воситасига зарар етиши мумкинлигидан хавотирга тушиб, ҳиссиётларини жиловлай олмаган.

«Жаҳлга берилиб, нотўғри иш қилдим. Бу ҳаракатим учун курьердан ҳам, бу ҳолатни кўрган барча инсонлардан ҳам чин дилдан узр сўрайман», — деди ҳайдовчи.

Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, мазкур ҳолат бўйича ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари асосида ҳужжатлар расмийлаштирилган. Тўпланган материаллар қонуний қарор қабул қилиниши учун туман судига юборилган.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар