Cobalt'дан тушиб кетганми ёки бошқа гап борми? 24 ёшли йигит ўлими савол уйғотди

Cobalt'дан тушиб кетганми ёки бошқа гап борми? 24 ёшли йигит ўлими савол уйғотди

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида яшовчи 24 ёшли Асадбек Бўрибоевнинг Сирдарё вилоятида ҳалок бўлиши жамоатчилик орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди. Расмий маълумотларда у ҳаракатланаётган автомашинадан ўзини ташлаб юборгани айтилса, марҳумнинг яқинлари бу воқеага бошқача нуқтаи назардан қарамоқда.

Қариндошларининг сўзларига кўра, Асадбек 29 июнь куни Тошкентдан уйига қайтаётган вақтда оила аъзоларига қўнғироқ қилиб, Сирдарё туманидаги қариндошиникида тунаб қолишини айтган. Орадан кўп ўтмай, ярим тун атрофида унинг оғир аҳволда экани ҳақида хабар келган.

Марҳумнинг амакиси Асқар Шариповнинг таъкидлашича, шифохонага етиб боришганида йигитнинг бўйни синган бўлган ва у тонгга яқин вафот этган. Унинг айтишича, воқеа жойида бўлганлар Асадбек маст ҳолда ҳаракатланаётган Cobalt автомашинасидан тушмоқчи бўлиб, йиқилиб кетганини билдирган.

Бироқ марҳумнинг яқинлари бу изоҳга шубҳа билан қарамоқда. Уларнинг фикрича, жасаддаги айрим жароҳатлар оддий йиқилиш оқибатига ўхшамайди.

«Юзи деярли шикастланмаган, аммо икки қўли ва бел қисмида кўкаришлар бор эди. Бу ҳолат бизда турли гумонларни уйғотди», — дейди марҳумнинг амакиси.

Унинг сўзларига кўра, воқеа иштирокчилари берган кўрсатмалар ҳам бир-бирига мос келмайди. Айримлар Асадбек Cobaltдан тушиб кетганини айтган бўлса, бошқалар уни шифохонага Damas автомашинасида олиб боришганини билдирган. Шунингдек, жасаднинг ювилиб, оқ чойшабга ўралган ҳолда олиб келингани ҳам қариндошларда қатор саволларни туғдирган.

Марҳумнинг яқинлари воқеа юзасидан холис ва атрофлича текширув ўтказилишини сўраб, унинг кийимлари ва шахсий буюмларини ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширганини маълум қилди.

Бош прокуратура ахборот хизмати маълумотига кўра, ҳодиса ҳақида хабар 30 июнь куни Сирдарё туман ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган. Дастлабки маълумотларга асосан, автомашинада олд ўриндиқда кетаётган Асадбек Бўрибоев бир неча марта ҳайдовчидан транспорт воситасини тўхтатишни сўраган. Бироқ автомашина тўхтамаганидан сўнг, у ҳаракатланаётган транспортдан ўзини ташлаб юборгани қайд этилган.

Расмий маълумотда айтилишича, йигит олган оғир тан жароҳатлари сабаб шифокорлар кўрсатган тиббий ёрдамга қарамасдан вафот этган.

Дастлабки суд-тиббий экспертиза хулосасида ҳам ўлим сабаби ҳаракатланаётган автомашинадан тушиб кетиш натижасида етказилган жароҳатлар экани қайд этилган.

Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан Сирдарё туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда. Тергов якуни воқеанинг барча жиҳатларига ҳуқуқий баҳо берилишига ойдинлик киритиши кутилмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар