Сурхондарёда ўрмон ерларидан ноқонуний фойдаланиш аниқланди

Сурхондарё вилоятидаги “Боботоғ” давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида ўтказилган назорат тадбирлари давомида экологик қонунчилик талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.
Вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда бошқа масъул ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган текширувларда Узун, Денов ва Сариосиё туманларидаги айрим фуқаролар ўрмон яйловларидан фойдаланиш бўйича тузилган шартномаларда кўрсатилган меъёрдан ортиқ миқдорда чорва моллари боқаётгани маълум бўлган.
Хусусан, Сариосиё туманида бир фуқаро давлат ўрмон фонди ерларидан ҳеч қандай рухсатсиз фойдаланиб, 508 бош қўй ва 248 бош эчки боқиб келгани аниқланган.
Умуман олганда, назорат давомида 1 854 бош қўй ва 667 бош катта ёшли эчкининг белгиланган меъёрлардан ортиқ ёки тегишли рухсатсиз боқилгани қайд этилган. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, бунинг натижасида ўсимлик дунёсига 290 миллион 171 минг 600 сўм миқдорида зарар етказилган.
Аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилган.






























Изоҳлар 0
…