Сурхондарёда фуқаронинг уйи бузиб ташланди

Сурхондарё вилояти Денов тумани Ғалаба массиви, “Чуқурқишлоқ” маҳалласида фуқаронинг уй-жойи суд ҳужжати асосида бузилгани маълум қилинди. Суднинг 2025 йил 29 декабрдаги қарорига кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ернинг 0,20 гектар қисми ўзбошимчалик билан эгалланган ва ундаги ноқонуний иншоотларни бузиш белгиланган.
Сурхондарё вилояти Денов туманида фуқаронинг уй-жойи огоҳлантиришсиз бузилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар жамоатчилик эътиборини тортди. Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан расмий изоҳ берди.
Маълум бўлишича, воқеа Денов тумани Ғалаба массиви, “Чуқурқишлоқ” маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Бошқарма ўрганишлари натижасида уй-жой ва бошқа қурилмаларнинг бузилиши суд ҳужжати асосида амалга оширилгани аниқланган.
Суднинг 2025 йил 29 декабрдаги қарорiga кўра, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган суғориладиган ер майдонининг 0,20 гектар қисми ўзбошимчалик билан эгалланган. Ушбу ҳудудда қурилган уй-жой ва бошқа ноқонуний иншоотларни бузиш ҳамда ерни аввалги ҳолатига келтириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати 2026 йил 24 январь куни Мажбурий ижро бюросининг Денов туман бўлимига келиб тушган. Шундан сўнг ижро иши қўзғатилиб, қарздорларга суд ҳужжатида белгиланган талабларни бажариш зарурлиги ҳақида тегишли тартибда хабар берилган.
Шу билан бирга, суд ажрими асосида ижро ҳаракатлари маълум муддатга тўхтатиб турилган. Кейинчалик суд кўрсатмасига мувофиқ ушбу тўхтатиш бекор қилиниб, ижро жараёни қайта давом эттирилган.
Қайд этилишича, қарздорлар суд қарорини ихтиёрий равишда бажармаган. Шу сабабли 7 август куни мажбурий ижро ҳаракатларини амалга ошириш белгиланган ва бу ҳақда тегишли ташкилотлар ҳам огоҳлантирилган.






























Изоҳлар 0
…