Шукурулло Исроилов янги лавозими ва негативчиларга жавоб қайтарди (видео)

Ўзбек эстрадаси ва сатира саҳнасининг таниқли вакили, қизиқчи Шукурулло Исроилов Тошкент шаҳар Маданият бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимига тайинланди.
Мазкур янгилик ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди: кўпчилик санъаткорни янги масъулиятли вазифа билан табриклаган бўлса, айрим фойдаланувчилар унинг раҳбарлик лавозимига тайинланишини танқид остига олди. Қизиқчи махсус суҳбатда барча танқидий фикрлар ва негативчиларга очиқчасига муносабат билдирди.
«Омадини берсин дейиш керак»: Танқидчилар кимлар?
Шукурулло Исроилов ўзига билдирилаётган эътирозларнинг асл сабабларини очиқлаб, танқидчилар тоифасини аниқ кўрсатиб ўтди:
«Йўқ, танқид қилса қилаверади. Энди бу танқидни ким қилади? Ўша ерда ўтирган бекорчилар, иши юришмаган одам, бировни кўра олмайдиганлар танқид қилади.
Мени нега танқид қилиши керак? „Омадини берсин, синаб кўрсин“, дейиши керак-ку! Ёқтирмаса, шунчаки ёқтирмасин, бўлди. Ўша одам ҳақида, санъаткор ҳақида гапирмасин», — деди бошқарма раҳбари ўринбосари.
«Ёқмаса Instagram’да ўтказиб юбор»: Фаросат ва масъулият ҳақида
Санъаткор тармоқлардаги асоссиз ҳақоратлар ва салбий муносабатларга қарши ўз тавсияларини билдирди:
Ичингда қолсин: «Негативчиларга айтмоқчиман: шу санъаткорни ёқтирмаяпсанми, ичингда ўзингда қолсин, бўлди. Кўрма, Instagram’дан шунчаки ўтказиб юбор. Ёзиб, уни ҳақорат қилишнинг нима кераги бор? Худди ўзи зўрдек!»;
Фаросат мезони: «Ақлли, фаросатли одам ўзи ёқтирмаган инсонни ҳеч қачон муҳокама қилмайди, „қўй“ дейди. Фаросати йўқ одамгина негатив ёзади. Иши юришмаган, давлатга, ватанга, юртга бир тийинлик фойдаси тегмаган одамнинг бутун умри фақат негатив ёзиш билан ўтади».
Янги лавозимга киришган Шукурулло Исроилов ўз фаолиятини пойтахт маданиятини ривожлантириш ва амалий ишлар орқали исботлаш ниятида эканини билдирди.































Изоҳлар 0
…