3 ёшгача фарзанди бор оилалар учун янги тизим йўлга қўйилади

Йиғилишда эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича янги ёндашувлар белгилаб берилди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига йил якунига қадар эҳтиёжманд аҳолини «ижтимоий реестр»га киритиш тизимини қайта кўриб чиқиш топширилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг Telegram каналида маълум қилинди.
Янги тартибда оилани баҳолашда фақат даромад миқдорига эътибор қаратилмайди. Суринкали касалликлар, ногиронлик, кўп болалилик, шунингдек, оила аъзоларидан бирининг хорижда меҳнат қилаётгани каби омиллар ҳам ҳисобга олинади.
Шу мақсадда эҳтиёжмандликни аниқлашда кўп ўлчовли баҳолаш тизимига ўтиш режалаштирилган. Бу орқали оиланинг ижтимоий ҳолатига таъсир қиладиган бир нечта омилни биргаликда ҳисобга олиш кўзда тутилмоқда.
Йиғилишда мамлакатда камбағаллик даражаси 3,9 фоизга тушгани ҳам қайд этилди. Бироқ 3 ёшгача фарзанди бор оилаларда бу кўрсаткич ўртача 6,5 фоизни ташкил этмоқда.
Президент бундай оилаларни қўллаб-қувватлаш учун ота-оналарни уйидан ёки маҳалладан туриб ишлаш ва даромад олиш имконияти билан таъминлайдиган тизим яратилишини айтди.
«Бола парваришлаётган ота-оналарни уйида ёки маҳаллада ишли ва даромадли қиладиган тизимни йўлга қўямиз», деди Президент.































Изоҳлар 0
…