Ишлайдиган оналарга фарзанди бир ёшгача нафақа тўланади

Ишлайдиган оналарга фарзанди бир ёшга тўлгунига қадар Ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа тўланади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг Telegram каналида маълум қилинди.
Йиғилишда меҳнатга лаёқатсиз эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Бундай оилаларга «пассив даромад» келтирадиган ижтимоий пакет учун жорий йилда 300 миллиард сўм ажратилган.
Мазкур ёрдамдан фойдаланган 11 минг оиланинг қарийб ярмида даромад сезиларли даражада ошгани қайд этилди. Шу муносабат билан ушбу тизимни давом эттириш бўйича қарор лойиҳасини бир ҳафта ичида киритиш топширилди.
Давлат раҳбари келаси йилдан Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандлари учун қатор харажатлар ваучер орқали қоплаб берилишини маълум қилди.
Унга кўра, давлат ва хусусий боғчалар учун тўлов, ўқув марказлари хизматлари, йўлкира ҳамда олийгоҳлардаги ётоқхона харажатларини ваучер асосида қоплаш имконияти яратилади.
«Келаси йилдан реестрга кирган оила фарзандларининг давлат ва хусусий боғча бадали, ўқув маркази тўлови, йўлкираси ҳамда олийгоҳдаги ётоқхона харажати ваучер орқали қоплаб берилади», деди давлат раҳбари.
Ваучер 12 ой муддатга берилади. Эҳтиёжманд оила ушбу давр ичида Ижтимоий реестрдан чиқарилган тақдирда ҳам ваучер ўз амал қилиш муддатини сақлаб қолади.































Изоҳлар 0
…