Тошкентда ифлос автобус учун уч нафар механик жаримага тортилди

Тошкентда 66-сонли автобус салонининг санитария ҳолати талабга жавоб бермагани учун уч нафар навбатчи механикнинг ойлик маошидан 10 фоиз миқдорида жарима ундирилди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ маълум қилди.
Қайд этилишича, 13 октябрь куни Telegram’да “12-автобус саройи” филиалига қарашли 205-сарой рақамли автобуснинг салон ҳолати танқид қилинган. Мазкур автобус 66-сонли “Йўлдош 17-мавзеси – Тошкент вокзали” йўналишида ҳаракатланади.
Мурожаат ўрганилганидан сўнг автобус йўналишдан қайтгач, ювиш шохобчасида тўлиқ ювилган. Салоннинг ички қисми ҳам махсус тозалаш воситалари ёрдамида санитария талабларига мувофиқ тозаланган.
Аниқланган камчиликлар юзасидан навбатчи механиклар Х. Д., Р. В. ва Ў. А. билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, улардан ёзма изоҳлар олинган. Шундан кейин уч нафар ходимга нисбатан ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида жарима қўлланган.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ автобусларнинг санитария ҳолатини доимий назорат қилиш, йўловчиларга қулай хизмат кўрсатиш ва бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш бўйича чоралар кўрилишини билдирган.
“12-автобус саройи” филиали юзага келган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраган.






























Изоҳлар 0
…