Журналистлар ва телебошловчилар учун янги рақиб: Хитой роботларни намойиш қилди

Журналистлар ва телебошловчилар учун янги рақиб: Хитой роботларни намойиш қилди

Хитойда сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган иккита одамсимон робот телебошловчи намойиш этилди. Улар инсон қиёфасида яратилган бўлиб, камера қаршисида туриш, гапириш, табиий ҳаракатланиш ва нутқ мазмунига мос равишда юз ифодаларини ўзгартириш имкониятига эга.

Янги роботлар 5 ноябрь куни Пекинда бўлиб ўтган Жаҳон медиа саммити доирасидаги сунъий интеллект форумида тақдим этилди. Лойиҳа Хитойнинг Синхуа ахборот агентлиги ва UBTECH Robotics компанияси ҳамкорлигида амалга оширилган.

Роботлардан бири эркак, иккинчиси эса аёл қиёфасида яратилган. Уларнинг ташқи кўринишини имкон қадар инсонга ўхшатиш учун бионик тери, одамсимон робототехника ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилган. Шунингдек, уларнинг нутқи, лаб ҳаракатлари ва юз ифодалари ўзаро уйғунлаштирилган.

Роботлар Xinhua Yudian номли сунъий интеллект платформасига уланган. Ушбу тизим ахборот агентлигининг текширилган маълумотлар базасидан фойдаланиб, янгиликларни тақдим этишга ёрдам беради. Тақдимот давомида роботлардан бири саҳнада янгиликларни ўқиб, ўз имкониятларини намойиш қилган.

Шунга қарамай, роботлардан телевидениеда доимий телебошловчи сифатида фойдаланиш режаси ҳозирча тасдиқланмаган. Улар келажакда янгиликларни тақдим этиш, турли тилларда ахборот етказиш ва аудитория билан мулоқот қилиш каби вазифаларда қўлланиши мумкин.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар