АҚШлик юрист ўзи таҳсил олган университетга 31,4 миллион доллар хайрия қилди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Юрист Морган Чу рафиқаси Ҳелен Чу билан биргаликда Ҳарвард ҳуқуқ мактабига 31,4 миллион доллар миқдорида хайрия қилди.
- Мазкур маблағ таълим муассасаси тарихидаги энг йирик бир марталик хайрия бўлиб, олтита янги профессорлик лавозимини молиялаштиришга сарфланади.
- 1976 йилда ушбу университетни битирган Морган Чу бу орқали ўзига сифатли таълим берган даргоҳга миннатдорчилик билдиришни мақсад қилган.
Америкалик юрист Morgan Chu рафиқаси Helen Chu билан биргаликда ўзи таҳсил олган Harvard ҳуқуқ мактабига 31,4 миллион доллар хайрия қилди. Бу маблағ таълим муассасаси тарихидаги энг йирик бир марталик хайрия бўлди. Бу ҳақда Harvard ҳуқуқ мактабининг расмий сайти хабар берди.
Қайд этилишича, ажратилган маблағ олтита янги профессорлик лавозимини молиялаштиришга сарфланади. Бу эса университетдаги илмий тадқиқотлар ва таълим жараёнини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Morgan Chu 1976 йилда Harvard ҳуқуқ мактабини имтиёзли даражада тамомлаган. 2026 йилда унинг университетни битирганига роппа-роса 50 йил тўлди. У интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича ихтисослашган юрист бўлиб, Лос-Анжелесдаги Irell & Manella юридик фирмасининг суд ишлари бўйича гуруҳига раҳбарлик қилади.
Chu ва унинг рафиқаси университетга аввал ҳам бир неча бор хайрия қилган. Уларнинг аввалги маблағлари профессорлик лавозимлари, стипендиялар, талабаларнинг таълим харажатлари ва бошқа академик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
Harvard ҳуқуқ мактаби маълумотига кўра, 2026 молия йили ушбу таълим муассасаси учун хайрия маблағларини жалб қилиш борасида рекорд натижа билан якунланган. Бу даврда мактабга 135 миллион доллардан ортиқ маблағ келиб тушган. Бу аввалги рекорд кўрсаткичдан қарийб 30 миллион долларга кўп.
Эътиборлиси, Morgan Chu ўз хайрияси ҳақида гапирар экан, рафиқаси билан биргаликда унга жаҳон даражасидаги таълим берган университетга миннатдорчилик билдиришни истаганини таъкидлаган.
Сиз ўзингиз таҳсил олган мактаб ёки университетдан миннатдормисиз? Агар имкониятингиз бўлса, уларга қанча миқдорда хайрия қилган бўлардингиз?






























Изоҳлар 0
…