Тошкентда чақалоқ кўринишидаги ўйинчоқ ичидан гиёҳвандлик моддаси топилди

Тошкентда чақалоқ кўринишидаги ўйинчоқ ичидан гиёҳвандлик моддаси топилди

Тошкент шаҳрида чақалоқ шаклидаги ўйинчоқ ичига гиёҳвандлик моддасини яшириб олиб кетаётган 56 ёшли аёл ушланди. У Фарғона вилоятидан олиб келинган “гашиш” моддасини пойтахтда сотишни режалаштирганликда гумон қилинмоқда.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси маълумотига кўра, ҳолат Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ва Нурафшон шаҳар Ички ишлар бўлими тезкор ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида аниқланган.

Бектемир тумани ҳудудида ҳаракатланаётган “Nexia-3” автомобили тўхтатилиб, текширувдан ўтказилган. Машинада бўлган, 1970 йилда туғилган Г.А. исмли аёлнинг буюмлари орасидан чақалоқ кўринишидаги ўйинчоқ топилган. Унинг одатдагидан оғирроқ экани ходимларда шубҳа уйғотган.

Текширув давомида ўйинчоқ ичига саккизта қадоққа жойланган гиёҳвандлик моддаси яширилгани аниқланган. Ҳар бир қадоқнинг оғирлиги 100–150 граммни ташкил этган. Дастлабки суриштирувларга кўра, аёл ушбу моддани Фарғона вилоятидан сотиб олиб, Тошкентда сотиш учун олиб келаётган бўлган. Автомобиль ҳайдовчиси эса такси хизматида ишлашини ва аёлни аввал танимаганини билдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар