Бектемирда гиёҳванд моддаларни «закладка» усулида тарқатган уч киши ушланди

Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида гиёҳванд моддаларни «закладка» усулида тарқатиш билан боғлиқ икки ҳолат аниқланди. Уч нафар гумонланувчи ушланиб, уларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳолатлар 1–31 июль кунлари ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида фош этилган.
«Ийк ота» маҳалласида хизмат олиб бораётган патрул-пост хизмати ходимлари шубҳали ҳаракатланган икки нафар шахсни холислар иштирокида кўздан кечирган. Текширув вақтида уларнинг ёнидан алоҳида қадоқланган 43 та гиёҳванд модда топилиб, далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинган.
Бектемир тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари ўтказган яна бир тезкор тадбирда бошқа бир шахс текширилган. Ундан 15 та қадоқланган гиёҳванд модда аниқланиб, процессуал тартибда мусодара қилинган.
Ҳар икки ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилган. Уч нафар гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Ички ишлар вазирлиги «Хавфсиз ва соғлом юрт» тадбирлари республика бўйлаб давом этаётганини маълум қилди.































Изоҳлар 0
…