Мустақил эксперт, Иқтисодий ривожланишга кўмак маркази директори Юлий Юсупов «Газета.uz»га берган интервьюсида 50 минглик сўмлик купюра чиқишига изоҳ берди ва Ўзбекистон валюта бозорининг бундан кейинги ривожланиши бўйича фикрлари билан бўлишди.
— Марказий банк 50 минг сўмлик купюрани муомалага киритмоқда. Сизнинг фикрингизча бу нега айнан ҳозир амалга оширилди. Бундай чора инфляциянинг тезлашувига таъсир кўрсатмайдими?
— Аввал расмийлар йирик, ҳатто ўртача купюраларни ҳам (қиймати бир доллардан кам бўлган купюрани ўртача купюра деб аташ қийин) икки сабабга кўра чиқармас эди:
- ғоявий жиҳатдан: «Бизда инфляция йўқ, шунинг учун йирик купюралар керак эмас» деб ўз-ўзини тинчлантириш учун;
- нақд пул муомаласига қарши курашиш доирасида.
Расмийлар нақд пул муомаласи билан ҳам икки сабаб: нақд пул билан ишлашни афзал кўрувчи яширин иқтисодиётни жиловлаш ва долларнинг қора курсини назорат қилиш истагида (одамларда нақд пул бўлмаса, доллар олиш учун бозорга ҳам ҳеч ким бормайди) кураш олиб борди.
Натижа ҳам шунга мос эди: харидлар учун бир халта пул, йирик харидлар учун эса ҳақиқий чамадон билан боришга тўғри келар эди. Чет элликлар 100 доллар эвазига олинган сўм дасталарини ҳайрат билан суратга олиб, интернетга жойлар эди.
50 минг сўмлик купюра — бу 10 доллардан кам. Уни ҳам йирик деб бўлмайди. Аллақачон 100 минг сўмлик купюра чиқариш керак эди. Албатта бундай номиналдаги купюралар инфляциянинг расмий кўрсаткичлари ҳақиқатга мос келмаслигидан гувоҳлик беради. Бироқ буни аллақачон ҳамма билади.
Янги купюранинг чиқиши инфляцияга таъсир кўрсатадими? Албатта, йўқ! Шунчаки, 100 та минг сўмлик купюра ўрнига ҳамёнингизда 50 минг сўмлик иккита купюра бўлади. Инфляция нима сабабдан ошиб кетиши керак экан? Аксинча, қанча қоғоз ва бўёқ (купюраларни чоп этиш учун), шунингдек, пул дасталарини санаш учун кетадиган вақтни тежашимиз мумкин!
Нақд пул муомаласига маъмурий чекловларни олиш инфляцияга таъсир кўрсатиш-кўрсатмаслиги эса бошқа масала. Аслида инфляция нақд пул массаси миқдорига эмас, нақд ва нақдсиз пуллар умумий миқдорига боғлиқ. Пул шаклининг ўзгариши, нақдсиз пулнинг нақдга айланиши умумий пул массасини оширмайди, шунга мувофиқ, инфляцияга ҳам таъсир кўрсатмайди. Нақд пул муомаласига чекловлар олинганда инфляция ҳатто секинлашиши мумкин деб ўйлайман. Чунки товарларни «нақд» – «нақдсиз» сотиш қийматидаги фарқ ҳам йўқолади.
— Охирги ҳафта қора бозордаги курс пасайди, бироқ расмий курс девальвацияси ҳозирча арзимаслигича қолмоқда. Бундан кейин қора бозорда нималар юз беради? Яқин вақт ичида расмий курс девальвациясини кутиш мумкинми?
— Бозор алмашув курсида қандай ўзгаришлар бўлишини башорат қилиш энг истиқболсиз ва меҳнат зое кетадиган машғулот. Алмаштириш курсига жуда кўп омиллар таъсир кўрсатади, биз улардан баъзиларининг фаҳмига етишимиз мумкин, холос. Нега охирги вақтларда қора курс тушиб кетди? Бунга икки бир-бирини тўлдирувчи изоҳ бор деб ўйлайман.
Биринчи изоҳ. Тадбиркорлар долларларни нақдсиз шаклда банклардан харид қилиш имконини қўлга киритди. Нақдсиз пулни нақдга айлантириб, долларни қора бозордан харид қилиш нақд долларга юқори талабни юзага келтирар эди. Энди эса бизнес чет эл валютасини қўлга киритишнинг осонроқ йўлига эга, нақд сўм ва долларга бўлган талаб сезиларли даражада камайди. Натижа — «нақд» ва «нақдсиз» қиймат ўртасидаги фарқнинг қисқариши ва қора курснинг тушиши.
Иккинчи изоҳ. Алмаштириш курсларини бир хиллаштиришдан кутилган натижалар иш бера бошлади. Курслар эса бозор ва расмий курснинг қайсидир ўртасида тенглашиши лозим. Яъни бозор расмий курс девальвацияси ва унинг бозор курсига яқинлашиши бўйича тахминларга жавоб қайтармоқда. Бу тахминлар долларга бўлган талабнинг пасайишида намоён бўлмоқда — бозор иштирокчилари кейинроқ арзон долларни сотиб олиш учун қиммат долларни сотишга уринмоқда.
Курсларнинг бир хиллашуви расмий алмашув курси девальвациясининг тезлашуви ҳисобига сентябрда юз беради деб умид қиламан. Буни аллақачон амалга ошириш керак эди. Лекин ҳечдан кўра кеч яхши.
— Ҳозир курсни бир хиллаштириш мавзуси фаол муҳокама қилинмоқда. Долларнинг сўмга нисбатан қандай қийматини кутиш мумкин? Ҳозир бу рақамлар қанчалик муҳим?
— Расмий, қора ва биржа бозорларидаги шартномалар ҳажми ҳақидаги маълумотга эга бўлмасдан туриб, талаб ва таклиф тенглигини таъминловчи курсни башорат қилиш — қаҳва ёрдамида фол очишдек гап. Аниқ башоратлар имконсиз. Фақат маълум бир чегара ҳақида сўз юритиш мумкин. Январда бир доллар 5000—7000 сўм чегарасида бўлишини башорат қилган эдим, бироқ бунда бозор либерализацияси яқин бир-икки ой ичида амалга оширилиши керак эди. Ҳозир тўпланиб қолган инфляцияни ҳисобга олиб, 6000—8000 оралиқни айтишим мумкин. Албатта, гап 10 минг ҳақида кетмаяпти. Бироқ биз инфляцияни жиловламасак, эртами-кечми бу кўрсаткичга етамиз.
Яна бир муҳим ҳолат. Марказий банк долларни харид қила туриб, доллар курсини сунъий ошириш — 8000—9000 сўм ва ундан ҳам кўпроққа оширишга уриниши мумкин. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун фойдали бўларди: қиммат доллар (=арзон сўм) импортни қимматроқ, экспортни арзонроқ қилади. Ўз миллий валютасини арзонлаштириш сиёсатини кўпчилик ривожланаётган мамлакатлар муваффақиятли амалга оширмоқда. Бизда ҳам бундай сиёсат айни муддао бўлар эди. Бироқ битта «лекини» бор. Биринчи инфляцияни жиловлаш зарур. Жуда арзон сўм эса бу инфляцияни кучайтириши мумкин (импорт товарлар қимматлашади). Шунинг учун бу сиёсатни амалга оширишни «янада яхши даврлар» учун сақлаб қўяр эдим.
— Халқаро валюта жамғармаси расмийларнинг қайта молиялаштириш ставкасини ошириш, шунингдек, пул массасини назорат қилиш бўйича чораларни маъқуллади. Назарий жиҳатдан, бу истеъмол талаби ва кредитларга бўлган талабнинг пасайишига олиб келиши керак. Қабул қилинган чоралар кредитлар бозорида қандай акс этади?
— Марказий банк ҳозирча ҳаммасини тўғри амалга оширмоқда. Бозор иқтисодиётида қайта молиялаштириш ставкаси ҳақиқатдан ҳам тижорат банкларининг фоиз ставкаларига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. Чунки тижорат банклари Марказий банкдан кредитлар олиши мумкин ва улар бу кредитларни айнан қайта молиялаштириш ставкаси бўйича олади. Табиийки, ставка ошса (яна шундай кучли, 9 фоиздан 14 фоизга) кредитлар қимматлашмаслиги мумкин эмас.
Бироқ бизда Марказий банк тижорат банкларига кредитларни қайта молиялаштириш ставкаси бўйича эркин бермайди (валютани расмий курс бўйича эркин сотмагани каби). Шунинг учун бу механизм ишламайди. Бироқ бу маъмурий жиҳатдан таъсир кўрсатади. Тижорат банклари кредитлар бўйича ўз фоиз ставкаларини қайта молиялаштириш ставкасига боғлашга мажбур. Бу бозорга мутлақо қарши восита, бироқ банкларимиз айнан шундай шароитларда ишлайди. Бу фоиз ставкалари бизда пасайтирилганлиги — улар пул бозорида талаб ва таклиф тенглигини таъминлаш имконини бермаслигини тушуниш лозим. Шунинг учун кредит соҳаси либерализациясида уларнинг ошиши муқаррар.
Қайта молиялаштириш ставкасининг оширилиши кенг кўламли банк ислоҳотлари ва пул муомаласини тартибга солиш ислоҳотидан олдинги қадам эканлигига ишончим комил. Бу ислоҳотлар тижорат банкларига истеъмолчи учун ишловчи мустақил тижорат ташкилотлари бўлиш имконини беради. Бундан ташқари, бу инфляцияга қарши курашиш чораси. Агар қайта молиялаштириш ставкасини 9 фоизлик даражада қолдириб (бу жуда пасайтирилган ставка) у бўйича кредитлар берила бошласа, инфляция осмонга чиқиб кетади.
Бир неча ойдан сўнг валюта бозоримиз ва банк тизимимизни таний олмаймиз деб ўйлайман. Марказий банк ва ҳукуматимизга омад ва тўғри қарорлар тиламоқчиман!
Манба: Daryo.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди