14:57 / 17.08.2017
5 590

«Уйимни сотиб, пулини Аҳмадбойга бергандим. Энди ижарада юрибман». Аҳмадбойдан жабрланганларнинг кўрсатмалари

«Уйимни сотиб, пулини Аҳмадбойга бергандим. Энди ижарада юрибман». Аҳмадбойдан жабрланганларнинг кўрсатмалари
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида Аҳмаджон Турсунбоев (Аҳмадбой) ҳамда унинг олти нафар шериги гумондор сифатида кўрилаётган иш бўйича суд эшитуви давом этмоқда. Бу ҳақда «UZ24» маълум қилди.

Суд мажлисида Турсунбоев ташкил этган “Чиноз ҳалол чорва” ва “Чиноз авто ҳамкор” фирмалари фаолиятидан зарар кўрган 9 нафар жабрланувчиларнинг кўрсатмалари тингланди. Қуйида уларнинг айримларини келтирамиз.

Фазлиддинов Т.: “Яшаб турган уйимни сотиб, пулини Аҳмадбойга бергандим...”

— 1988 йил Сирдарё вилоятида туғилганман. Оилалиман, икки нафар фарзандим бор. Аҳмадбой ҳақида эшитиб келардим, лекин 4 йил мобайнида ишонмагандим. Атрофимдагилар, таниш-билишларим у ҳақида кўп гапиравергач, мен ҳам пул топширишга қарор қилгандим. 2016 йил 14 июнь куни яшаб турган уйимни сотиб, 24,5 минг АҚШ доллар пулимни Аҳмадбойга ўз қўлим билан обориб бергандим. Эртасига, яъни 15 июнь куни Аҳмадбой қўлга олинди, деган хабар тарқалди. Улар 24,5 минг доллар пулимни 62 минг доллар қилиб қайтаришни айтишганди. Ҳозирда оилам билан Янгийўл шаҳрида ижарама-ижара яшаб юрибман.


Атахаджаев Э.: “Картошка экиб, банкрот бўлдим ва қайнотамнинг “Ласетти”сини сотиб, пулини Аҳмадбойга бердим...”

— Тошкент вилоти, Ўртачирчиқ туманида яшайман. 2015 йил далага картошка экиб, банкрот бўлдим. Сабаби, ўша йили картошка жуда арзон бўлиб кетди, сарфлаган харажатимни қоплай олмадим, даладан фойда ололмадим. Шундан кейин Аҳмадбой ҳақида, у берилган пулларни ортиғи билан қайтариши ҳақида эшитиб қолдим. 2016 йил июнь ойида қайнотамнинг “Ласетти” русумли машинасини сотиб, 5 минг АҚШ доллар миқдордаги пулни Аҳмадбойга олиб бориб бердим. Улар пулингни кўпайтириб қайтарамиз, яъни 5 мингни 10 ойда 12 минг қилиб берамиз, дейишди. Ҳали бир марта хам пулимни олмасимдан, Аҳмадбой ушланди.


Сафарова С.: “Етти бош мол, “Матиз”, тилла тақинчоқларимни олиб кетди...”

— Тошкент вилояти Оққўрғон туманида яшайман. Уйда 7 бош қорамол боқардим. Бир куни Бахт исмли йигит маҳалламизга келиб, агар пулларингизни, молларингни Аҳмадбойга топширсангиз, сизларга кўпайтириб қайтаради, деган гапларни айтди. Мен унга ишондим ва қорамолларни топширдим. Яна бир кун келиб, ҳовлида турган “Матиз” автомобилини ҳам топширишимни айтди. Машинага қўшиб тилла тақинчоқларимни ҳам 6 минг долларга баҳолаб, ўзи олиб чиқиб кетди. Мени ортимдан қизим ҳам икки бош қорамолини, тиллаларини, сотган уйини пулини ўша йигитга топширди. Мана энди ҳеч нимасиз қолдик...


Раҳимов К.: “Аҳмадбойнинг офисини банкка ўхшатдим...”

— Тошкент вилояти Янгийўл тумани Халқобод қўрғонида ҳовлим бор, у ерда қўй боқардим. Бир куни Дилмурод исмли бола келиб, қўйларимни янада кўпайтириб беришга ваъда бериб, мени ишонтириб, 11 та қўйни олиб кетди. Аввалига ишонқирамай, қўй боқиладиган жойларни ўз кўзим билан бориб кўриб келдим. Ҳаммаси бадастр, жойида эди. Кейин Аҳмадбойнинг Чиноздаги офисига ҳам бордим, у ерда бир неча кассалар қилиб қўйилган, одамлар кириб-чиқиб, келиб-кетяпти экан. Мен у ерни банкка ўхшатдим. Барча шароитлар яратилган эди, ҳар қандай одам қонунийлигига ишонадиган даражада эди. Қўлимда 700 АКШ доллар пул бор эди, уни топширдим, қўлимга чекка ўхшаш қоғоз беришди ва ҳар ойда пулингизни фоизи билан оласиз, дейишди. Шунда кейин ишончим янада ортиб, 3 минг доллар пулни яна олиб бориб бердим. Ўшанда 2016 йил апрель, май ойлари эди. Бироқ июнь ойи ўрталарида Аҳмадбой қўлга олинди-ю, қўй ва пулларимни қайтариб ололмадим.


Аҳмедова: “Эримнинг операциясига пул керак эди, мажбурликдан сотган уйимнинг пулини Аҳмадбойга бергандим...”

— Сирдарё вилояти, Ҳовоз туманида яшайман. 2-гуруҳ ногирониман, 3 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим оғир бетоб бўлиб қолди, уларни Ҳиндистонда операция қилдирмоқчи эдик. Ўшанда пул зарур бўлгани учун уйимизни 18 минг долларга сотдик. Лекин бизга бу пул операция учун камлик қилишини, жами 25-30 минг доллар кераклигини айтишди. Шу пайтларда (2016 йил) бозорда одамлардан Аҳмадбой ҳақида эшитиб қолдим. Унга пулингни берсанг, сенга икки баробар қилиб қайтаради, дейишди. Одамларнинг гапига ишониб, Аҳмадбойни қидириб Чинозга бордик. У ерда одамлар жуда кўп эди, узун навбатлар бор эди. Мен бир аёлни тўхтатиб, “бу киши ишончлими, алдамайдими”, деб сўрадим. У эса ишончли деб тасдиқлади. Шунингдек, инкассация машинаси ҳам кириб-чиқиб юрганини кўрдим. Шунда мен демак, ишончли экан, давлатга солиқ тўлар экан деб ўйладим. Ўзи билан учрашмоқчи эдим, бироқ мени қўйишмади. Шундан кейин Олмос деган кишига учрадик. У билан эрим чиқиша олмади, кейин Муроджон деган йигитга учрадик (Шу пайт гувоҳдан судланувчилар ичида Олмос ва Мурод исмли шахслар борми деб сўралди, гувоҳ уларни кўрсатди - таҳр.) ва унга 16,5 минг доллар пулимизни бердик. Шундан сўнг бир мартагина 2 700 доллар пул олдик, Аҳмадбой қўлга олингач, қолган 13,800 доллар пулимизни ололмадик. Судланувчилардан даъвоим йўқ, пулларим қайтариб берилса бўлди.


Шодиев Т.: “Россияда ишлаётган қайни укам юборган пулларини бериб юбордим..”

— Сирдарё вилоятида яшайман. 2016 йил февраль ойида Тошкентга келганимда Аҳмадбой ҳақида эшитиб қолдим. Аёлим билан маслаҳатлашиб унга пул топширмоқчи бўлдик. Россияда ишлаётган қайни укам пулларини бизга жўнатарди, шу пуллардан 2 700 долларни Аҳмадбойга топширдим. Офисга борсак, бир неча кассалар бор экан, бизни 1-кассада қабул қилишди ва 10 ойга деб берсангиз, пулингизга 10 фоиз қўшилади, дейишди. 76/42 рақам билан дафтарга қайд қилди. Биринчи пулимни 20 июлда олишим керак эди, лекин Аҳмадбой 15 июнда ушланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Уйимни сотиб, пулини Аҳмадбойга бергандим. Энди ижарада юрибман». Аҳмадбойдан жабрланганларнинг кўрсатмалари