Бу воқеа илк бор 1947 йили Россиянинг Орёл шаҳрида содир бўлган. Ўшанда ҳикоямиз қаҳрамони Михаил Зыбуновский етти ёшда эди.
Ўша куни беш яшар синглиси билан ҳовлида ўтирганча жодугарлар, “домовой”лар ҳақидаги қўрқинчли ҳодисаларни бир-бирларига сўзлаб беришаётганди. Шубҳасиз, бу воқеаларни улар бувиларидан эшитишган. Қанча қўрқинчли воқеа ҳақида гапиришса, шунча кўпроқ қўрқиб боришарди. Ана, ҳикоядаги жодугар супургига миниб олганча катта печканинг ичига кириб кетди. Бир маҳал товуқхонадан жодугарнинг ув тортгани қулоққа чалинди. Болалар ўз ҳикояларидан ўзлари қўрқиб, кутилмаганда уй ичкарисига ура қочишди. Кирибоқ ўзларини каравотга отишди-ю, кўрпага ўраниб олишди…
БИРИНЧИ УЧРАШУВ
Ярим кечаси Миша ўзини кимдир туртаётгандек чўчиб уйғонди. Кўзларини очди-ю… Не кўз билан кўрсинки, қаршисида баланд бўйли, яшил кийим кийган аскар турарди. Аскарнинг бошида қалпоқ бўлиб, ён атрофидан яшил нур тараларди.
Бу даҳшатдан азбаройи қўрқиб кетган Миша жонҳолатда онасининг ёнига ётди ва кўрпага ўралиб олди. Бу орада онаси ҳам уйғониб кетди ва у ҳам баланд бўйли, яшил кийимдаги аскарни кўрди. Аммо қўрқмади чоғи, эҳтиёткорлик билан сўради:
— Сиз… Кимсиз? Сизга нима керак?
Аскар жавоб бермади. Ҳануз Мишанинг каравоти тепасида қотганча тураверди. Онаси зарда билан ўрнидан турди-ю, каравотнинг бир четида ухлаётган қизчасини кўтариб олиб ёнига ётқизди. Миша эса ҳануз кўрпага ўралганча тек ётарди.
Она сал ўзини босиб яна сўради:
— Кимсиз? Бу ерга қандай кириб қолдингиз?
Кутилмаган меҳмон оғир хўрсинди-да, дафъатан кўздан ғойиб бўлди. Шу ондаёқ атрофдаги яшил нурлар ҳам йўқолди. Аммо деразанинг ташқари тарафида сап-сариқ олов юз кўрсатди. Она ҳам бу манзарадан қўрқиб кетганди. Йиғлаб юборди. Унга Миша жўр бўлди. Олов эса бирпасдан кейин ўчди…
Эрталаб уйғонгач, она-бола уйнинг ҳар бир бурчагини титкилаб ўша аскарни, оловни қидиришди.
Ҳеч нарса топа олишмади.
ИККИНЧИ УЧРАШУВ
Навбатдаги учрашув Миша 14 ёшга қадам қўйган куни содир бўлди. У куз бошларида Платоново қишлоғидаги қариндошларникига бориб, кечаси ҳеч кимга билдирмай, боғдаги олмазорга кирганди. Бу колхознинг боғи бўлиб, боғда сархил мевалар кўп эди. Боғдан анча нарида, дарё бўйида эски, ташландиқ черков бўлғувси эди. Қараса, черковнинг тепасида ранг-баранг, худди Гавана сигараси шаклида номаълум объект айланмоқда. Объект айланасига оловсифат нурлардан иборат эди. Миша қўрқиб кетди ва чакалаклар ортига беркинди. Бир муддат кўзларини ҳам юмиб олди. Кўзини очганда эса қаршисида ўша олис болаликдаги яшил кийимли, баланд бўйли аскар қотиб турганини кўрди. Миша беихтиёр бақириб юборди. Аскар шу заҳоти кўздан йўқолди. Сигарасифат объект ҳам катта тезликда учиб кетди.
УЧИНЧИ УЧРАШУВ
Бу учрашув энди 25 йилдан сўнг бўлиб ўтди. Миша кунларнинг бирида Шаблыконо қишлоғидаги яқин дўстининг хонадонига меҳмон бўлиб келаётганди. Ҳали дўстининг уйига етмаганди. Йўловчи машина уни катта йўл четида қолдирди. Ичкарилаб бир неча чақирим йўл босса, дўстининг хонадонига боради. Бунинг учун бир соатга яқин пиёда йўл босиш лозим эди.
Кеч тушиб борарди. Осмонда аста-секин юлдузлар нур соча бошлади. Бир маҳал Миша осмонда ўзидан ранг-баранг нурлар таратаётган шарсимон нарсани кўриб қолди. Болаликдаги қўрқувлар аллақачон унут бўлган, албатта. Лекин юраги безовта уриб, аъзойи баданини муз тер қоплади. Ҳойнаҳой, болалик қўрқувлари, даҳшатлари тўлалигича йўқолмаган кўринади. Афсуски, атрофда беркинса арзийдиган пана жой йўқ. Ҳаммаёқ дала. Шарсимон нарса эса тобора унга яқинлашиб келарди. Бу ўзга сайёраликлар кемаси эканига Мишанинг юрагида заррача шубҳа қолмади. Жуда яқинлашиб келгач, кўрдики, бу кеманинг айланаси иллюминаторлардан иборат. Ичкарисидан эса бир неча ясси юзли одамсифат, аммо одам қиёфасидан узоқ бўлган кимсалар ташқарини кузатарди. Шу пайт кутилмаганда қаршисида баланд бўйли, ўша олис болаликдаги каби яшил кийимли, кийимларидан яшил нур таралаётган аскар ҳозир бўлди. Сал ўтиб унинг ёнида яна бошқа одамсифатлар пайдо бўлди. Уларнинг кийими тўқ сариқ рангда бўлиб, ўзидан худди шундай рангли нур таратиб турарди. Миша сал ўзини босиб олиб ерга ўтирди. Шу заҳоти қалбидаги қўрқув ҳисси қаёққадир ғойиб бўлди ва ҳавода муаллақ турган аскар ҳамда унинг шерикларини кузата бошлади.
Уларнинг юзлари дўмбоқ, кўкимтир, ясси бурун, оғиз қисмида лаблар йўқ, умуман, юзлари тўлиқ ясси кўринишда эди. Қўллари жуда узун, улар Миша томонга узатилган ҳолда турарди. Сал ўтиб аскар ҳам, ёнидагилар ҳам бирдан ғойиб бўлди. Анча баландда муаллақ қолган кема ҳам дарҳол катта тезликда номаълум тарафга парвоз қила кетди. Ана шундан кейингина Миша ҳақиқий қўрқувни, даҳшатни чуқур ҳис этди ва қандай дўстининг уйи томонга чопа кетганини ўзи ҳам пайқамай қолди…
Бу даҳшатларни фақат Мишанинг ўзи билади. Ўшандан бери қоронғи кечада юрмайдиган, кундузлари ҳам ёлғиз кўчага чиқмайдиган бўлди. Лекин ўзга сайёраликлар кемасини ҳам, яшил кийимли аскарни ҳам, ёнидаги ясси юзлиларни ҳам қайтиб кўрмади. Гоҳида ўйга толади, бош қотиради. Уларнинг муддаоси нима эди? Нега айнан Мишани танлашди-ю, нима сабабдан мулоқотга киришишмади?..
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
АҚШда Трамп сиёсатидан қочмоқчи бўлганларга 4 йиллик саёҳат таклиф қилинди
Нодирбек Абдусатторов Ҳиндистондаги мусобақада пешқадам бўлиб турибди
Филмлар, қўшиқлар ва сериаллар «маънавий экспертизадан» ўтказилади
Чет эл валюталарининг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматлари эълон қилинди