21:40 / 18.10.2017
11 376

Талабалар учун контракт тўлаш қоидаларига ўзгартириш киритилди

Талабалар учун контракт тўлаш қоидаларига ўзгартириш киритилди
2017 йил 13 октябрь куни Адлия вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 28 августда 5-2017-сон буйруғи давлат рўйхатидан ўтказилди. Мазкур буйруқ асосида олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Kun.uz ушбу ўзгаришларни таҳлил қилиб чиқди ҳамда асосий ўзгаришларни эътиборингизга ҳавола қилади.

1-ўзгариш: Низомда жорий йилдан таълим тизими учун янгилик бўлган қабул квоталаридан ташқари талабаликка тавсия этилган шахсларнинг тўлов-контракт тўлаш қоидалари ҳам акс этди. Унга кўра, оширилган тўлов-контракт миқдори Давлат комиссиясининг қарори ҳамда ОТМнинг абитуриентларни дарсларга қатнашишга рухсат бериш тўғрисидаги буйруғи қабул қилинган санадан қатъи назар тўлиқ тўланиши белгиланди.

2-ўзгариш:
Низомда мамлакатимизда валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлардан келиб чиқиб айрим ўзгаришлар киритилди. Хусусан, эндиликда Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасига эга бўлмаган хорижий фуқаролар учун чет эт валютасини миллий валютага айирбошлаганлиги тўғрисида тегишли ҳужжат тақдим этиш талаб қилинмайдиган бўлди.

Бу нима дегани? Аввал Ўзбекистонда яшайдиган ва яшамайдиган хорижий фуқаролар учун тўлов-контрактни тўлашда 2 хил тартиб бор эди. Унга кўра, хорижий фуқаролар учун тўлов-контракт миқдори АҚШ долларида белгиланиб, Ўзбекистонда яшайдиган хорижий фуқаролар контрактни Марказий банк курси бўйича сўмда тўларди. Ўзбекистонда яшамайдиган хорижий фуқаролар ҳам сўмда тўларди, фақат улардан чет эт валютасини миллий валютага айирбошлаганлиги тўғрисида ҳужжатни тақдим қилиш талаб этиларди. Бундан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда яшамайдиган хорижий фуқаролар чет эл валютасини қимматроққа “қора бозор”да алмаштирмаслиги, уни тўғридан-тўғри давлатга топширишини назорат қилиш учун эди.

Бугунга келиб давлат курси ва “қора бозор” тенглашган бир пайтда айирбошлаш ҳужжати талаб қилинмаслиги, хорижий фуқаролар контракт учун тўловни миллий валютада амалга оширишлари ҳақида ўзгартиш киритилди.

3-ўзгариш:
бундан буён белгиланган муддатларда фанларни ўзлаштира олмаган (академик қарздор бўлган) талаба курсдан қолдирилганда тўлов миқдори ўқиши давом этадиган ўқув семестри учун амалга оширилади.

4-ўзгариш: Низомга ОТМларида ўқитишнинг контракт шаклидан тушган маблағлар бўйича даромадлар ва харажатлар сметаларини тузиш янги Низом қоидаларига мувофиқ амалга оширилиши тўғрисида ўзгариш киритилди.

Аввал ушбу масала Молия вазирининг 2010 йил 19 ноябрдаги буйруғи билан тасдиқланган Низом асосида тартибга солинарди. Ушбу буйруқ 2014 йил 15 декабрь куни бекор қилиниб, унинг ўрнига “Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси ва штат жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги янги низом қабул қилинган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Талабалар учун контракт тўлаш қоидаларига ўзгартириш киритилди