12:36 / 14.01.2018
8 616

"Қамоқхонадаги қиз" ўйлари...

"Қамоқхонадаги қиз" ўйлари...
Бу ерда кунлар узун... Кунлардан ҳам тунлар узун... Хона зах, деворлар муздай. Сен эса шу совуқ бетонларга юзларингни босиб, ўйга ботасан. Умринг кино лентасидек кўз олдингдан ўтаверади. Сўнг сени қийнаётган ўша нуқтага келиб тўхтайсан: “Нега бундай аҳволга тушдим?”
Шу биргина савол теграсида соатлаб айланасан. Жавоб тополмай яна хаёлга бериласан. Чексиз хаёллар. Кунлар эса бирам узунки...
Қизнинг елкаси учди. Юрагига алланечук ширин бир ҳис оқиб кирди. Қовоғи учди-я, демак бугун кимдир уни кўргани келади. Онасимикин? Қизига кўзи тушиши биланоқ гапиролмай йиғлаверадиган онаизори...

Ўтган гал келганида у қизига узоқ термилди. Чўнтагидан кичкина ойна олиб унга тутди. “Ма, қиз боласан, ўзингга сал қараб, сочларингни тузат”, деди. Қиз эса онаси кетиши билан кўзгуни деворга уриб синдирди. Кўзгудаги аксига қандай боқади, ахир? Раҳматли бувиси бир пайтлар: “Гуноҳи кўп кишининг юзидан фариштаси қочади”, дегувчи эди. Унинг гуноҳи оғир, юзлари ҳам фариштасиз, совуқ...
Қиз яна онаси ҳақида ўйлай бошлади. Шу топда унинг гул иси келиб турадиган қўлларига суяниб эркалангиси келди. Худди болалигидагидек. Эсини танибдики, тонгда кўз очиши билан онасини гулзор ичида кўрарди. Онаси гулларни севар, ҳовлига юз хилини экиб, парваришларди. Учала қизларига ҳам гулнинг номини қўйган. Лола, Нилуфар, Наргис...

Қиз бир куни онасидан: “Нега исмимни Наргис қўйгансиз?” деб сўраганида, онаси гулзорда очилиб турган ним сарғиш гулни унга кўрсатиб: “Қара, Наргис гули кичкина бўлсаям жуда мағрур”, деганди.
Ё... бугун дадаси келармикин? Йўқ, йўқ! Ҳамма келсаям, дадажониси келмасин бу ерга. Шундоғам кейинги пайтда касали зўрайиб кетгандир. Айниқса, мана бу воқеадан кейин. Бир пайтлар дадаси уч қизини ёнига чақириб: “Сизларни яхши кўраман, ҳадемай менга қанот бўласизлар”, дея эркаларди. Энди бўлса... У отасининг юзини ерга қаратди. Бунинг учун ўзини бир умр кечиролмайди!
Ўша куни нега шулар ҳақида ўйламади у? Нега дугонасига эргашди? “Бормайман”, деса олам гулистон эди-ку!

Энди у кунларни ортга қайтаришнинг иложи йўқ...
Ўша куни институт ётоғидан чиқиб, трамвай бекатига қараб юрди. Эрталаб Ноила: “Дарс­дан сўнг сени ёзги боғда кутаман, боргин”, деб тайинлаганди. Яқингинада танишишган бўлса-да, шу қиз негадир унга ёқиб қолганди. Қувноқ, ширинсўз... Ўзи институтнинг юқори курсида ўқиркан. У: “Институтга фақат имтиҳон кунларида келаман”, деганида қиз ажабланди.
– Жонимни койитиб нима қиламан, домлалар билан “гап­лашиб” баҳони қўйдираман-у, яна ялло қилиб юравераман! – деди Ноила.
“Барибир, у ажойиб қиз. Кийимлариям антиқа, ўзига ярашади. Улар шу куни дарахтлар қуюқ соя ташлаб турган ўриндиқда узоқ ўтиришди. “Сени бугун бир жойга таклиф этмоқчиман, – деди дабдурустдан дугонаси. – Фақат йўқ демайсан!”

Наргис чайналди: “Танимаган жойга...”
– Ташвиш тортма, зўр компания, сенга ёқади, – деди Ноила.
Иккови учрашув жойини келишиб олишди. Кечқурун ўша жойга боришди.
Уч йигит, бир нотаниш қиз, булар иккови. Роса яйраб ўтиришди. Сўнг ўзаро пичир-пичир бошланди. Йигитлар қизни кўрсатиб, Ноилага ишора қилишди. “Бу менинг яқин дугонам, – деди Ноила. – Уни ўзимизга қўшиб оламиз!”
Наргис унинг гапларига тушунолмай ўтирарди.

Бир вақт Ноила қизни балкон томонга бошлади. Унга “сир”ни очди. Маълум бўлишича, булар тунда уйларга бостириб кириб, кейин...
“Нега мени бу ерга олиб келдинг?” деди Наргис алам билан.
“Сен қўрқма, биз қизлар фақат “объект” топамиз, қолганини йигитлар эплайди”, деди Ноила уни юпатиб. (“Объект” деганлари эгаси бой, анча-мунча нарса ўмарса бўладиган хонадон экан!) .
“Биз бу ишда ҳечам айбдор бўлмаймиз”, деди Ноила ва қизнинг кўз олдида ҳамёнини очди. Бир даста пул. Ҳаммаси АҚШ доллари... “Мана буни қара, бир кунлик хизматимга олганман!”

Қиз унинг қўлидаги тақинчоқларига қаради. Тилла узук, қўш зирак! Ҳозирги урфдагиси. Баҳосиям осмонча туради буларнинг.Ҳавас бир сония ич-этини куйдириб ўтди: Унда ҳам худди шунақаси бўлса эди... Тақиб олиб, қизларнинг кўзларини ўйнатарди-да. Курсдош қизлар кейинги пайт унинг кийимларига ғалати қарайдиган бўлиб қолишган. Нима қилсин, дадаси касалманд, ишламайди. Онасининг топгани рўзғордан орт­майди. Тузукроқ кийим олишга ортиқча пул йўқ... Бир куни унинг дилидагини сезиб юргандек, курсдоши Салима: “Наргис, сен бу кеккайган қизларга эътибор берма. Гап кийимда эмас, билимда. Ўқишни битиргач, ҳар қанча кийим топилади”, деди. Наргис бу камтаргина курсдошининг гапини маъқуллади. Лекин ўша қизларнинг турфа либосларини кўрса, барибир кўнгли суст кетарди.

Хуллас, улар ўша куни зиёфатдан сўнг Наргисни ётоқхонга кузатиб қўйишди. Хайрлашаётганларида Ноила унга шипшиди: “Биламан, иккиланаяпсан. Тушунсанг-чи, имкон топилганда пул ишлаб қолиш керак-ку!”
Эртасига Ноила яна қизнинг ётоғига келди: “Биз битта “объект” топдик, жуда бой хонадон, уй эгаси бир ойга чет элга кетибди, бугун тунда иш бошлаймиз?”
Наргиснинг тирноқларигача музлаб кетди.

Ноила буни сезиб, тас­кин берди: “Сен фақат эшик қўнғироғини босасан. Эшик очилгандан сўнг йигитлар ўзлари эплашади, биз қочамиз”.
Шу куни улар ярим тунда шаҳарнинг чекка даҳаларидан бирига йўл олишди. Кейин эса... Йўқ, йўқ! Уёғини эсласа, ҳалиям юраги увушади, фақат биргина манзара кўз олдида қолган. Буларга эшикни очган аёл, унинг ортида кичкина қиз. Бирам ширинтой... Қизалоқ аввал буларга жавдираб қаради. Йигитлар онасига пичоқ ўқталишгандан сўнг эса қичқириб юборди. Қизчанинг овози ҳалиям унинг қулоғида жаранглаб турибди. Қиз ўша гўдаккинани кўз олдига келтирса бас, чидолмайди...

Ўшанда йигитлар аёл билан қизалоқнинг оғизларига латта тиқишди, оёқ-қўлларини боғлаб полга ётқизиб қўйишди. Сўнгра уйни тинтишаётганида, тўсатдан эшик очилиб... орган ходимлари киришди-ю, ҳаммаларини машинага тиқиб, буёққа олиб келишди. Кейин эшитди, бу тўда анчадан бери талончилик билан шуғулланаркан. Ҳаммаси кузатув остида экан. Мана тўрт ойча бўлди, шунгаям.

Қизга кеча айтишди. Суд кейинги ҳафтага белгиланибди. Тезроқ бўлақолсайди шу суд. Мана бу жонни олувчи сўроқ-саволлардан қутулармиди. Тергов пайтида худди ўша воқеа яна бошдан такрорлангандай бўлади. Туни билан ухлолмайди. Ўша қизча тушига киради... Ҳа, унинг айби оғир. Жазо ҳам шунга яраша бўлади? Қанча беришаркин унга? Ғайрат акаси ҳам эшитгандир, бу воқеани. Қандай аҳволдайкин ҳозир? Ҳар учрашганларида: “Ўқишни тугатган кунингиз уйингизга совчи жўнатаман”, дерди. Эҳ, икковининг қанча орзулари бор эди-я! Афсус... Ҳаммаси ўзгариб кетди. Энди у қамалиб чиққан “ўғри” қизга қиё ҳам боқмайди. Негаям ўша куни дугонасига эргашди-я!? Нега? Энди эса минг пушаймон қилгани билан барибир кеч бўлди!
Кеч бўлди...
Гулчеҳра ЖАМИЛОВА

Манба: Dia.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Қамоқхонадаги қиз" ўйлари...