Дональд Трамп ва Шавкат Мирзиёевнинг Оқ уйда кечган суҳбати (тўлиқ матни)

  • 17-05-2018, 13:15
  • 1 509
  • Жамият
  • Дональд Трамп ва Шавкат Мирзиёевнинг Оқ уйда кечган суҳбати (тўлиқ матни)
    Фото: «Getty Images»
    АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Оқ уйда кечган суҳбати ва давлат раҳбарларининг журналистлар саволларига берган жавоблари матни эълон қилинди. Қуйида уларни тўлиқ келтирамиз.

    Президент Трамп:
    — Сизга катта раҳмат. Ўзбекистон Президентининг ташрифи биз учун жуда катта шарафдир. Жаноб президент ўз юртида ва бутун дунёда ҳурматга сазовор кишидир. Биз кўп масалаларда, жумладан, савдо-сотиқ бўйича жуда яқин алоқадамиз. Улар бизга инвестиция келтирган, биз ҳам уларга инвестиция киритамиз.

    Биз шунингдек ҳарбий соҳада, жумладан, АҚШдан ҳарбий қуроллар ва жиҳозлар сотиб олиш масаласида ҳамкорлик қилмоқдамиз. Жаноб президент, сиз жуда ҳурматли инсонсиз. Раҳмат.

    Президент Мирзиёев:
    — Жаноб президент, сизга катта раҳмат. Бугун биз тарихий учрашув ўтказмоқдамиз. Биламизки, АҚШ Ўзбекистон мустақилликка эришган илк даврлардан бошлаб унинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаган. Биз бундан миннатдормиз.

    АҚШ ва Ўзбекистондаги президент сайловларидан кейин алоқаларимиз яна янги босқичга кўтарилди.

    Жаноб президент, мен сизни сўнгги сайловдаги ғалаба билан табриклайман, сизнинг раҳнамолигингизда иқтисодий соҳада улкан ютуқларга эришилмоқда. Шунингдек, тарихий солиқ ислоҳотлари натижасида яратилган иш ўринлари, яхши марралар билан муборакбод этаман. Бу натижалар Америка халқи учун қилган меҳнатингиз, шахсий ташаббусингиз самараси ҳамдир.

    Президент Трамп:
    — Фикрингизга 100 фоиз қўшиламан (куладилар).

    Президент Мирзиёев:
    — Ҳақиқатан ҳам бизнинг ар-Риёд, шунингдек, Нью-Йоркдаги сўнгги учрашувларимиз, ўртадаги телефон мулоқоти — булар бугунги тарихий учрашувга замин ҳозирлади ва сизнинг дунё бизнес аҳлига йўллаган тарихий мурожаатингиз улкан самара берди.

    Шунингдек, биз АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида стратегик шерикчилик тўғрисидаги шартнома борлигини яна бир бор таъкидлаймиз.

    Жаноб президент, биз охирги бир ярим йил давомида инвестициялар борасида АҚШ билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Охирги вақтда биз Қўшма Штатлардан жуда кўп технологиялар ва асбоб-ускуналарни сотиб олмоқдамиз.

    Аввал таъкидлаганимдек, бу тарихий учрашувдир. Биз АҚШ компаниялари билан қарийб 5 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар тузиш ниятидамиз. Сизга айтганим каби бу АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикчиликнинг янги босқичидир.

    АҚШда кўрсатилаётган ҳурмат-эътибор ва меҳмондўстлик учун ташаккур.

    Президент Трамп:
    — Ташаккур. Бу мен учун шараф.

    Президент Мирзиёев:
    — Катта раҳмат.

    Президент Трамп:
    — Барчага раҳмат.

    Журналист:
    — Ким (Ким Чен Ин — таҳр. изоҳи) учрашувни бекор қилиши ҳақида нима дейсиз? Шимолий Корея билан саммит ташкил этиладими?

    Президент Трамп:
    — Кўрамиз.

    Журналист:
    — Шимолий Корея билан учрашув режаси бекор қилинмайдими?

    Президент Трамп:
    — Якуний хулоса йўқ. Биз ҳали ҳамма нарсадан хабардор эмасмиз. Кўрамиз ҳали.

    Журналист:
    — Ҳарбий машғулотларни тўхтатасизми?

    Президент Трамп:
    — Биз ҳамма тафсилотни кўрмадик, эшитмадик. Нима бўлса кўрамиз.

    Президент Мирзиёев:
    — Ҳақиқатан ҳам бугунги учрашув бутун дунёдаги ўзбеклар учун жуда қимматли, таъсирлидир.

    » » Дональд Трамп ва Шавкат Мирзиёевнинг Оқ уйда кечган суҳбати (тўлиқ матни)