14:17 / 02.07.2018
6 158

Татьяна Каримова: "Мен ҳамиша Ислом Абдуғаниевичга ҳамнафас бўлдим"

Татьяна Каримова: "Мен ҳамиша Ислом Абдуғаниевичга ҳамнафас бўлдим"
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Татьяна Каримова хотираларидан:

“Ислом Абдуғаниевич билан 1970 йили Самарқандда, муҳандислик-технология факультетининг охирги курсида ўқиган кезларим танишганмиз. Биринчи учрашувимиз уларнинг акалари Ибод Ғаниевичнинг уйида бўлган. Ибод Ғаниевичнинг рафиқаси Хайринисо Султоновна менинг холаваччам эди. Мен талабалар ётоқхонасида истиқомат қилар, дарсдан кейин уларникига тез-тез меҳмонга бориб турар эдим. Ибод Ғаниевич оқкўнгил, ақлли ва одамшаванда инсон, боз устига, яхши суҳбатдош ҳам эдилар. Янги йил эшик қоқиб турган кунларнинг бирида опамникида ўтган навбатдаги меҳмондорчиликдан сўнг эндигина кетишга тараддуд кўриб турганимда бир йигит келиб қолди. Уни менга Ибод Ғаниевичнинг укаси деб таништиришди. Бу Ислом Абдуғаниевич эдилар. Биринчи учрашувимизда деярли гаплашмадик. Ўшанда опам йўлдан келган меҳмон қўлини ювиши учун кўзадан сув қуйиб беришимни сўрадилар. Кейин оила даврасида яна бир неча бор учрашдик.

Кечагидек ёдимда, мартнинг еттинчи куни, айни байрам арафаси эди. Кўкламнинг хуш ифорга тўла илиқ ҳавоси. Шиғалаб ёғиб ўтган ёмғирдан кейин атроф-борлиқ тоза, мусаффо ва гўзал бўлиб кетган. Кўлмакларда осмон парчаси акс этар, кўнгиллар ёришиб, фараҳбахш ҳисларга лиммо-лим тўлган эди. Мен талабалар ётоқхонасида эдим. Иттифоқо мени биров сўраб келганини хабар қилишди. Келган инсон ким эканини тасаввур ҳам қилаолмаганим рост. Чиқиб кўрдимки, мени йўқлаб келган одам Ислом Абдуғаниевич эканлар.

Мени хиёбонда сайр қилишга таклиф этдилар. Биз илк бор ёлғиз ўзимиз кўришиб, гаплашиб турган эдик. Табиат, об-ҳаво, ўқиш ҳақида суҳбатлашдик. Одатий суҳбат. Лекин сайр асносида Ислом Абдуғаниевич тўхтаб, ҳеч кутилмаганда “Менга турмушга чиқасизми?” деб сўрадилар. Мен учун бу мутлақо кутилмаган ҳол эди. Қандай изоҳлашни ҳам билмайман: ақл вазиятни ҳали тўлиқ англаб, баҳолаб бўлмасдан, қалб ва юрак “ҳа” дея жавоб бериб бўлган эди. Кўнгил шубҳаю гумондан холи кезларда шундай бўлади. Мен бу инсоннинг ички кучи, самимияти, жозибаси, қатъияти ва недир бир оҳанрабосини сезган бўлсам керак... Мен “ҳа” дея жавоб бердим. Бари ана шундай кечган эди. Бор-йўғи бир неча қисқа учрашув...

Ислом Абдуғаниевич апрелда ота-онамдан қўлимни сўрагани Қувасойга бордилар. Тўйимиз май ойида дастлаб Самарқандда, кейинроқ Қувасойда бўлиб ўтди.

Тўйдан кейин Тошкентдаги икки хонали квартирада жуда оддий ҳаёт кечира бошладик. Бу квартирани Ислом Абдуғаниевич Давлат план комитети раисининг ёрдамчиси бўлган кезларда олганлар.

У киши кучли ирода ва характер соҳиби бўлиб, жуда кўп ишлар эдилар. Биз оила қурган кезларимизда камолга етган инсон эдилар. Мен ўшандаёқ у кишининг шахсияти кўламини англаган, мураккаб, лекин шарафли бир йўлни босиб ўтишларини ҳис этган эдим.

Мен ҳамиша Ислом Абдуғаниевичга ҳамнафас бўлдим. Мендан бутун умр изланиш, ўсиш, матонатли бўлиш ва тушунишга одатланиш, такомиллашиш йўлидан юрмоқ талаб этилди. Негаки, умр йўлдошим мудом ўқиб-изланиб юксак чўққилар сари талпинардилар. Муҳаббат бизни бирлаштирди, бутун ҳаёт йўлимизни ёритди…”.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Татьяна Каримова: "Мен ҳамиша Ислом Абдуғаниевичга ҳамнафас бўлдим"