07:30 / 30.09.2018
14 916

Green Card-2020: Орзулар лотереяси

Green Card-2020: Орзулар лотереяси
Ҳар йили куз мавсумининг октябрь ойи бошланишини дунёнинг саноқли мамлакатларидан ташқари барчасининг аҳолиси интиқлик билан кутади, десак муболаға бўлмайди. Эътиборли жиҳати уларни битта ният, битта орзу ўзаро боғлаб туради. Шунинг баробарида улар бир-бирига рақобатчи ҳам ҳисобланади. Бу Америкага иммиграция қилиш ёки у ерда бир неча йил қонуний яшаб, ишлаш ҳуқуқига эга бўлиш орзусидир! Гап Green Card лотереяси ҳақида бормоқда.

2020 йили АҚШга оила билан ёки якка ҳолда қонуний равишда кўчиш имконини берувчи бу йилги Грин карта лотереясининг анкетаси 2018 йил 3 октябридан 6 ноябргача ҳар йилгидек АҚШ давлат департаменти ҳузуридаги махсус сайт - https://dvlottery.state.gov/ орқали тўлдирилади.

Таъкидлаш ўринлики, грин карта анкетаси қандай тўлдирилиши борасида аҳолининг кенг қатлами орасида аниқ билим бўлмагани кўплаб тушунмовчиликларга, аксар ҳолларда ғаразли кишиларнинг текин даромад манбаига сабаб бўлмоқда. АҚШ элчихонаси консуллик бўлими ходимларининг Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтказган тадбирида Грин картага доир шу ва бошқа саволларга жавоб берилди.

Даставвал, Американинг Тошкентдаги элчихонаси консуллик бўлими ходими Грин карта нима экани, у қандай ўйналиши, кимларда ютуқ имкони кучли экани, анкета қандай қилиб тўғри тўлдирилиши, унда нималарга эътибор қаратиш зарурлиги каби саволларга тўхталган тақдимот маросимини ўтказди.

Хўш, ушбу DV Lottery дастурида кимлар ва қайси мамлакатлар фуқаролари иштирок эта олади?

Сўнгги беш йилда АҚШга 50 минг фуқароси иммиграция қилган давлатлардан ташқари барча давлатлар фуқаролари ушбу дастурда қатнаша олади. Ўзбекистонликлар ҳам дастурда иштирок эта олувчилар жумласидандир. Қатнаша олмайдиган мамлакатлар рўйхати юқоридаги веб-манзилда танишиш мумкин. Бу йилги лотереяда иштирок этганлар орасидан дунё бўйлаб 55 минг киши танлаб олинади. Улар орасида АҚШ фуқаролари ва дастурда иштирок эта олмайдиган мамлакатлар вакиллари бўлмаслиги кафолатланади.

Яна бир муҳим жиҳати лотерея анкетасини тўлдириш мутлақо бепул бўлиб, ҳар бир фуқаро ҳар бир тўлдириш йилида бир марта анкетани тўлдира олади, холос. Бунда яна бир эътиборли жиҳати шундаки, агар сизнинг анкетангиз лотереяда ғолиб бўлса, бу сизнинг АҚШга виза тақдим этилишини ёки у ерга кетишингизни кафолатламайди.

Анкета тўлдирувчи ҳеч бўлмаганда ўрта маълумотга эга бўлиши, Ўзбекистон шароитида лицей ёки коллежни тамомлаган бўлиши шарт. Бундан ташқари анкетанинг тўғри тўлдирилгани учун ҳар қандай ҳолатда ҳам анкетада исми-шарифи қайд қилинган киши масъулдир. Шу билан бирга, консуллик ходими ўзбекистонликлар йўл қўядиган кўплаб хатолар ва эътиборсизликлар ҳақида сўз юритди.

Маълум бўлишича, ўзбекистонликларнинг аксарияти анкетани тўлдиришда бошқаларнинг, маълум бир ҳақ эвазига ёки ютуқ чиққандан кейин тўлаш шарти билан хизматидан фойдаланишади. Қолаверса, улар бу йил бир кишига шахсий маълумотларини тақдим этган бўлса, келаси йили бошқа бир кишига ҳам мурожаат қилишади.

Бу нимани англатади? Катта эҳтимол билан биринчи йили сизга анкетани тўлдириб берган киши ҳам сизга билдирмасдан сақланган маълумотларингиз ва суратингиздан фойдаланган ҳолда Грин карта учун анкетани тўлдиради. Сиз мурожаат қилган иккинчи одам ҳам тўлдиради. Шу билан бу шахс номидан тўлдирилган иккита анкета ҳам лотерея танловидан автоматик тарзда чиқариб юборилади.

Ўзбекистонликлар йўл қўядиган яна бир жиддий хатолардан бири шундаки, улар анкетани тўлдиришда бошқа фуқаронинг ёрдамидан фойдаланганлари етмаганидек, ундан ўзларига тегишли бўлган “confirmation number – тасдиқлов рақами”ни олишни унутишади ёхуд бу ҳақда хабарсиз бўлади. Натижада мазкур рақамга эга киши ғолибдан фирибгарлик билан ёки сабабсиз пул талаб қилишда фойдаланиши мумкин.


Шунга кўра, бошқа кишининг ёрдамидан фойдаланган тақдирда ҳам мазкур тасдиқлов рақамини олишни унутманг!

Анкетани тўлдиришдаги яна бир муҳим жиҳати шундаки, анкетага жойланадиган фотосурат талаб қилинган ўлчамда ва ҳажмда, сўнгги олти ой ичида олинган бўлиши керак.

Оилали кишилар турмуш ўртоғи, 21 ёшга кирмаган фарзандларининг барчасини суратлари билан бирга анкетага қўшиши талаб этилади. Акс ҳолда, лотереяда ғолиб сифатида танланиб, кейинчалик консулликка турмуш ўртоғи ва фарзандларининг ҳужжатларини топширган тақдирда ҳам виза олиш эҳтимоли камаяди.

Шунингдек, бу йилги Грин карта лотереяси йўриқномасига киритилган янги қоидалардан бири фуқаро никоҳи билан бирга яшаётганлар эндиликда оила сифатида лотереяда иштирок эта олишмайди. Улар биргаликда визага ҳужжатларини топшира олишмайди.

Консуллик ходими, шунингдек, лотерея ғолиби қиладиган харажатлар ҳақида ҳам маълумот бериб, тўловлар қайтарилмаслигини билдирди. Яъни, агар ғолиб бўлган киши анкетага юкланган фотосурати тўлдирилган вақтда олти ойдан эски бўлганини билган бўлса, ёки фарзанди борлигини била туриб, қасддан анкетага киритмаган бўлса, ёхуд анкета тўлдирувчи хизматидан фойдаланган бўлиб, ўша тўлдирувчи унинг исм-шарифига икки марта анкета тўлдирганини билган бўлса, тиббий кўрик ва виза суҳбати учун тўланган пуллар қайтарилмайди.

Яна бир жиҳатни эътиборга олиш лозим бўладики, грин карта ғолиби бўлиш, виза тақдим этилиб, АҚШга боришга муваффақ бўлиш – ўша шахсга иш жойи, бошпана, ишсизлик маоши, тиббий суғурта бепул берилишини англатмайди.

Лотерея жавоблари 2019 йил 7 майдан кейин анкета тўлдирилган сайтда эълон қилинади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Green Card-2020: Орзулар лотереяси