АҚШда бир киши Powerball’да 847 млн доллар ютиб олди

АҚШда бир киши Powerball’да 847 млн доллар ютиб олди

АҚШнинг Нью-Жерси штатида сотилган чипта эгаси Powerball лотереясида 847 миллион долларлик жекпотни қўлга киритди. Бу лотерея тарихидаги тўққизинчи энг йирик ютуқ бўлди. Бу ҳақда Нью-Жерси лотереяси расмий хабар берган.

2026 йил 4 ноябрь куни ўтказилган ўйинда омадли чипта эгаси олтита рақамнинг барчасини тўғри топган. Ютуқли чипта Нью-Жерси штатининг Берген округидаги Монтвейл шаҳрида жойлашган Wegmans супермаркети орқали сотилган.

Ғолибда пулни олишнинг икки хил имконияти бор. У 847 миллион долларни 29 йил давомида 30 та тўлов шаклида қабул қилиши ёки солиқлар ушлаб қолинишидан олдин 363,1 миллион долларни бирйўла олиши мумкин.

Бироқ ютуқнинг бир қисми солиқларга кетади. Нью-Жерси лотереяси қоидаларига кўра, 5 минг доллардан ортиқ ютуқлардан федерал солиқ учун 24 фоиз, 500 минг доллардан юқори ютуқлардан эса штат солиғи учун 8 фоиз ушлаб қолинади. Бу дастлабки ушлаб қолиш ставкалари бўлиб, ғолибнинг якуний солиқ мажбурияти солиқ декларацияси асосида аниқланади.

Ғолибнинг шахси ҳозирча ошкор этилмаган. Нью-Жерси қонунчилигига кўра, лотерея ютуғи соҳиблари ўз исмини жамоатчиликка билдирмаслик ҳуқуқига эга.

Мазкур джекпотга қадар 35 та Powerball тиражи давомида ҳеч ким бош совринни қўлга кирита олмаган эди. Ундан аввалги йирик ютуқ 2026 йил 12 август куни Иллинойс штатида қайд этилган. Ўшанда бир киши 1,04 миллиард долларлик жекпотни ютиб, пулни бўлиб олиш ўрнига 450,5 миллион долларни бирйўла олишни ва исмини ошкор қилмасликни танлаган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар