16:34 / 14.12.2018
4 320

Президент Қашқадарёда пахтачиликда йўл қўйилган камчиликларни танқид қилди

Президент Қашқадарёда пахтачиликда йўл қўйилган камчиликларни танқид қилди
Президент Шавкат Мирзиёев 14 декабрь куни Қарши шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда Қашқадарё иқтисодиётини таркибий ўзгартириш, одамларни иш билан таъминлаш йўлларини кўрсатиб ўтди.

«Ижтимоий масалаларни ҳал қилиш учун аввало иқтисодиётни ривожлантириш керак. Шу боис 2019-2020 йилларда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда амалга ошириладиган 1 минг 200дан зиёд лойиҳа бўйича таклифлар ишлаб чиқилди», - деган Шавкат Мирзиёев.

Президент матбуот хизмати хабар беришича, жорий йилда вилоятга 63 мингдан зиёд хорижлик сайёҳ келгани, лекин бу жудаям камлиги қайд этилди. Бу соҳадаги барча имкониятларни ишга солиш, Шаҳрисабзни фестиваллар шаҳрига айлантириш бўйича кўрсатмалар берди.

Видеоселекторда қишлоқ хўжалигидаги натижалар қониқарсизлиги, пахтачиликда жиддий камчиликларга йўл қўйилгани танқид қилинган.

«Биздаги сув билан 1,2 миллион тонна эмас, 3 миллион тонна олиш мумкин. Пахтачиликда асосийси сув эмас, мелиорация. Ерга уруғ қадашдан олдин озуқа бериш керак. 27 йилда пахтачиликда нима каромат кўрсатдик? Бир пайтлари академикларимиз, олимларимиз бор эди, ҳар хил навларимиз бор эди.

Пахта ҳосили яхши бўлишида нав ҳам яхши бўлиши керак. Қашқадарё нави борми? Жаноб Рўзиев (Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев - таҳр.) эса нав чатоқ чиқди дейди, сув йўқ дейди. Сув керагидан ортиқ бўлган.

Пахта менга керакмас. Менга пахтани бажарганларинг керак эмас. Одамларни рози қилиш керак. Кеча борганим пахта қабул қилиш пунктиниям сотамиз, пахтаниям ўзлари қилишади.

Пахтани калава қилиб сотиш керакмас, бунақа раҳбар бўлманг. Бунга рухсат бермайман. Калава қилиш энг оғир иш. Биз шунга ўрганиб олгандик. Қўшимча қиймат қилиб Хитойга сотардик.

Мана Бангладешни қаранглар. Бу давлат бир гектар ҳам пахта экмайди. Лекин пахта маҳсулотидан 37 миллиард долларлик экспорт қилади. Ҳиндистондан сифатсиз пахтани олиб, Ўзбекистон пахтаси билан аралаштириб, 37 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилмоқда», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Йиғилишда келгуси йили вилоятда пахта етиштиришни 52 фоиз майдонда кластер усулига ўтказиш, тайёр маҳсулотлар экспортини икки баробар ошириш вазифаси қўйилган.

Давлат раҳбари Яккабоғ, Қамаши, Шаҳрисабз, Китоб туманларида 10 минг гектар майдонда узум, Чироқчи ва Косон туманларида 20 минг гектар лалми ерда тарвуз етиштириш имкониятларини кўрсатиб ўтган. Деҳқон хўжаликлари ва томорқаларга нўхат, мош, ловия, кунжут каби бозорбоп маҳсулотлар экиш одамларга иш, қўшимча даромад бўлиши таъкидланган.

Президент видеоселектор орқали туманлардаги одамлар билан мулоқот қилиб, уларнинг таклиф ва истакларини бажариш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент Қашқадарёда пахтачиликда йўл қўйилган камчиликларни танқид қилди