14:37 / 17.12.2018
5 359

Яшаш жойи ҳақидаги маълумотномани қаердан олиш мумкин? ​

Яшаш жойи ҳақидаги маълумотномани қаердан олиш мумкин? ​
Туман (шаҳар)лардаги Давлат хизматлари марказлари томонидан фуқаронинг яшаш жойи ҳақида маълумотнома берилмайди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлигининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими хабар қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 октябрдаги 789-сон «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган тасдиқловчи ҳужжатлар турларини тубдан қисқартириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, 2018 йил 15 октябрдан давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан давлат хизматлари кўрсатилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг қуйидаги тасдиқловчи ҳужжатларини тақдим қилиш бўйича тартиб бекор қилинган:

а) қуйидаги фактларни тасдиқловчи:

шахснинг яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганлиги;

шахснинг ишсизлиги;

болани, ёлғиз шахсларни, пенсионерларни ва ногиронларни парвариш қилганлиги ҳақида;

б) шахснинг тавсифномаси.

«Бироқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти нотўғри талқин қилиниши ҳамда юқорида санаб ўтилган ҳужжатларни олиш учун улар томонидан фуқароларни туман (шаҳар)лардаги Давлат хизматлари марказларига юборилиши фуқаролар орасида турли хил норозилик ҳолатларини келтириб чиқармоқда», дейилади агентлик хабарида.

Ахборот тариқасида маълум қилинадики, бугунги кунда манзил-маълумот ахборотлари Давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этилади. Яъни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган юқорида санаб ўтилган ҳужжатлар эса Давлат хизматлари марказлари томонидан тақдим этилмайди!

Қарорга асосан, шахснинг яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганлиги ҳамда унинг ишсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлари давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тегишинча Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги органларидан мустақил равишда сўраб олиниши лозим.

2020 йил 1 январдан бошлаб эса, давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида оила таркиби, шу жумладан қариндошлик даражаси ва фуқаронинг оилавий аҳволи ҳақидаги маълумотлар давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тўғридан-тўғри фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларидан мустақил равишда сўраб олинади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Яшаш жойи ҳақидаги маълумотномани қаердан олиш мумкин? ​