15:34 / 20.12.2018
3 998

“Ўзбекэнерго” ҳудудларда тез-тез чироқ ўчиш сабабини айтди

“Ўзбекэнерго” ҳудудларда тез-тез чироқ ўчиш сабабини айтди
Кеча, 19 декабрь куни “Ўзбекэнерго” АЖ матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича аҳоли ўзи телевизор ва бошқа техника воситаларини токдан суғирмагани учун ҳам электр токи исроф бўлаяпти экан. Эътиборингизга ташкилот тарқатган хабарни ўзгартиришларсиз ҳавола этамиз.

– Электр энергия ишлаб чиқаришни қанчалик оширмайлик, агар унинг сарфини тартибга солмас эканмиз, йилдан йилга ортиб бораётган талабни қондириш жуда мушкул, – дейди “Ўзбекэнерго” акционерлик жамияти бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев.

– Мисол учун, бугун аҳоли фаровонлиги ошаётганлиги сабабли ҳар бир хонадонда камида битта телевизор, кир ювиш машинаси, чангютгич, кондиционер каби маиший техникалар бор. Баъзида улардан фойдаланиб бўлгач, токдан узиб қўйилмайди. Гарчи, улар ўчирилган бўлса-да, ток линиясига уланган ҳолда турса, электр энергия истеъмол қилаверади. Биргина оддий телефон қувватлагичини олайлик. У токка уланган ҳолда куну тун қолса, ўртача бир ойда 1,5 кВт.соат, йилига 18 кВт.соат энергия сарфлайди. Шу боис мамлакатимизда ҳам хонадонларда, ишлаб чиқариш саноатида ва бошқа турли тармоқларда электр энергия тежамкорлигини таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Мутахассисларнинг электр энергия тежамкорлигини таъминлаш мақсадида ўтказган ўрганишларидан маълум бўлишича, ҳозирда юртимиздаги ҳар бир хонадонда бир йилда ўртача 400 кВт.соатгача электр энергиясини тежаш имконияти бор. Бу кўрсаткич республика бўйича 1,8 миллиард кВт. соатга айланади.

Таққослайдиган бўлсак, ушбу тежалган энергия билан аҳолиси ўртача бўлган бир вилоятни бир йил мобайнида узлуксиз электр энергия билан таъминлаш мумкин. Демак, ҳар бир инсон ўз хонадонида электрнинг беҳуда исрофгарчилигига чек қўйиш йўли билан чироқ етиб бормаётган қанча-қанча хонадонларга ёруғлик улашиш имкони мавжуд экан. Бу ҳам савобли, ҳам фойдали ишдир.

– Электр энергияни тежаш орқали экологик барқарорликка ҳам муносиб улуш қўшиш мумкин. Мисол учун, 1 кВт.соат электр ишлаб чиқариш жараёнида атмосферага 0,6 килограмм кўмир чиқиндиси, 0,12 метр куб ис гази чиқади, – дейди “Ўзбекэнерго” акционерлик жамияти бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев. – Демак, ҳар бир истеъмолчи хонадонида электр энергиядан оқилона фойдаланса, ҳам табиий неъматларни тежашга, ҳам атроф-муҳит мусаффолигига ўз улушини қўшган бўлади. Шунингдек, истеъмолчини ортиқча маблағ сарфлашдан ҳам асрайди. Иқтисод қилинган маблағ жамғариб борилса, рўзғорнинг қанча кам-кўстини тўлдириш мумкин.

Мамлакатимизда жорий йил 20 ноябрдан 20 декабргача ўтказилаётган “Электр энергияси тежамкорлиги ойлиги”дан кутилган мақсад ҳам жамиятимизда бу борада ечимини кутаётган долзарб вазифалар ижросини таъминлаш, халқимиз орасида электр энергиядан оқилона фойдаланиш маданиятини юксалтиришдир, – дейилади хабарда.

Манба: everyday.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Ўзбекэнерго” ҳудудларда тез-тез чироқ ўчиш сабабини айтди