22:48 / 07.01.2019
3 267

Вазир: «Раҳбарларнинг фикрлашини ўзгартириш лозим»

Вазир: «Раҳбарларнинг фикрлашини ўзгартириш лозим»
Янги иш бошланганда фуқаролар, раҳбарларнинг фикрлашини ўзгартириш лозим ва дунёқараш бирдан ўзгариб қолиши жуда қийин, деб ҳисоблайди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев.

Унинг айтишича, [мажбурий меҳнат билан курашда] энг асосий вазифа қуйида, туман даражасидаги раҳбарлар ёки сектор даражасидаги бошлиқларга мажбурий меҳнатдан фойдаланиш эртага катта зиёнга сабаб бўлишини уқтириш бўлди.

«Ўқитувчи пахтага чиқса, бугун пахта пайдо бўлар, лекин у болаларга билим бермади. Унинг ўз дунёқараши ўзгарди. Соғлиқ сақлаш тизимидаги ходимларни пахтага чиқарсак, улар пахта терган қўллари билан укол қилмайди. Бунинг зиёни кўп, дея раҳбарларга тушунтириш учун сарфланган куч битта масала бўлди», – дейди у Kun.uz'га берган интервьюсида.

Бундан ташқари, вазир профессионал қобилияти етарли бўлмаган маҳаллий даражадаги раҳбарлар камчиликларни маъмурий йўл билан ёпмоқчи бўлгани ҳақида гапирди.

«Ўз вақтида шудгорни ташкил этишга имкони бор эди, ишларни назорат қилса бўларди. Сувни ҳам ўз вақтида, самарали тақсимлаб, хўжалик ишларини ривожлантириш мумкин. Энг муҳими – отрядлар тақсимотини тўғри амалга ошириш мумкин. Айрим раҳбарларнинг касбий профессионаллиги пастлиги, маҳорати етмагани туфайли куч ишлатиб, ташкилий ишларни бажаришга ҳаракат қилди.

Қишлоқ хўжалигига бозор иқтисодиёти механизмлари кириши керак. Масалан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган дон бўйича қарорда кўрсатилган бандлар билан, ўйлайманки, энди дон маҳсулотлари бўйича муаммо кам бўлади. Негаки, ҳосилдорлик меъёрдан ортса, ер солиғи ставкаси ва харид нархи камаяди», – дейди у.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Аллан эса бошқа фикрда. У Ўзбекистонда пахта ҳосилини етиштиришга қўйиладиган режа мажбурий меҳнатга қарши самарали кураш олиб боришга тўсқинлик қилаётганини айтганди. Вазир Шерзод Кудбиев бу масалага бошқа нигоҳ билан қарайди. Унинг таъкидлашича, прогнозлаштирилган режа кўрсаткичларини белгилаш жаҳон тажрибасида одатий ҳолга айланган.

«Барча давлатлар, хусусан ривожланган давлатлар ҳам прогнозлаштирилган режа кўрсаткичларини белгилаб олади. Мен режаларни белгилаб олиш мажбурий меҳнатга олиб борувчи асосий омиллардан бири, деб билмайман. Лекин режада белгиланган ишларни ташкил этиш масаласи фақат бозор иқтисодиёти тамойиллари асосида амалга оширилиши керак», – деб қўшимча қилган у.

2018 йил пахта терим мавсуми бошида ҳукумат томонидан пахта хом ашёси машинада терилганда бир тонна учун 400 минг сўм, қўлда терилган бир килограмм пахта учун 650 сўмдан 1000 сўмгача ҳақ тўланиши белгиланди. Пахта мавсумида теримчилар учун яхши яшаш шароитлари, ётоқхоналар тайёрлаб бериш вазифа қилинди, мажбурий меҳнатга қарши тарғиботлар олиб борилди.

Шунга қарамай, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги сентябрь ойидаёқ мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати бўйича фуқаролардан 110дан ортиқ мурожаат келиб тушганини маълум қилганди. Сентябрь ойи охирида мажбурий меҳнат бўйича 26 ҳолатда мансабдорлар жавобгарликка тортилди.

Болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида АҚШ Ўзбекистон пахтаси маҳсулотларини болалар меҳнати орқали етиштирилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарди. Лекин бу чоралар наф бермади.

15 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида пахта йиғим-теримига бағишланган жиддий селектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2018 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини жадаллаштириш, теримчиларни далага сафарбар қилиш, кунлик терим суръатини оширишда жойларда мутасаддилар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар туфайли жойларда сектор раҳбарлари (туман ҳокими, прокурор, ИИБ бошлиқлари, ДСИ бошлиқлари) бўлган 100дан ортиқ кишига нисбатан интизомий чора (ишдан бўшатиш, икки ойлик маошдан маҳрум этиш, ҳайфсан) қўлланиши маълум қилинди. Кейинроқ ўнга яқин туман ва шаҳар ҳокимлари пахта иши туфайли ишдан олинди. Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи ва Тошкент вилояти прокурори ҳам ишдан кетди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Вазир: «Раҳбарларнинг фикрлашини ўзгартириш лозим»