17:28 / 21.02.2019
6 654

Бухорода йўқолган ўғил 10 йил ўтиб Cамарқанддан топилди (видео)

Бухорода йўқолган ўғил 10 йил ўтиб Cамарқанддан топилди (видео)
Бухоролик Фаррух Хотамов 2009 йилда 17 ёшида арзимаган сабаб туфайли ўз уйидан чиқиб кетган эди. Орадан 10 йил ўтиб, Фаррух Самарқанддан топилди.
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи 56 ёшли Зариф ака фарзандини 10 йилдан буён кўрмаган бўлса-да, умидини узмаган эди.
— Футбол ўйнаб амакисиникига ўтиб кетган. Амакиси нега ўтасан деганига аразлаб шу билан чиқиб кетган. Ўша вақтда мактабда саккизинчи синфда ўқиётган эди. Милиция ходимлари билан қидирмаган жойимиз қолмади. Қашқадарё дейсизми, Навоий дейсизми... Бу орада онаси ҳам касалманд бўлиб қолди. Биз фақат тириклигини сезар эдик, ишонар эдик.

13 феврал куни реаблитация маркази ходимлари томонидан олиб борилган рейд натижасида Самарқанд шаҳрида юрган фуқаро тўхтатилиб текширилди. У ўзини Бухоро вилояти Ғиждувон тумани “Марзаган” қишлоғида яшовчи Фаррух Хотамов деб таништирган. Ҳужжатлар сўралганда у ҳеч қандай ҳужжатларсиз юргани аниқланди. Шундан сўнг текшириш мақсадида реаблитация марказига олиб келиб текширдик. Ички ишлар вазирлиги тизимидаги ахборот маълумотлар базасидан текшириб кўрилганда ҳақиқатдан ҳам 2009 йил ўз уйидан чиқиб кетиб бедарак йўқолган ва айни пайтда қидирувда эканлиги аниқланган.

Она учун “сюрприз”
Самарқанд вилояти ИИБ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси реабилитация маркази ходимларининг саъй-ҳаракатлари биланЗариф аканинг 10 йил мобайнида бедарак йўқолган фарзанди оиласи бағрига қайтарилди. Энг қизиғи, фарзанд онасининг туғилган кунида топилди. Бундай кунда ўз боласи топилиб келишидан ҳам яхшироқ совға борми?

Фаррух Хотамов: — Ички ишлар ходимларидан миннатдорман. Ота-онамни кўриб хурсанд бўлдим. Бу ишни энди қайтиб қилмайман. Ёшлик қилдим, минг бор афсусдаман. Менга ўхшаб уйидан чиқиб кетганларга ҳам “уйингизга, ота-онангиз бағрига қайтинглар” дейман.
Қуйидаги ҳавола орқали ушбу видеолавҳани кўришингиз мумкин.

МАЪЛУМОТ УЧУН: 2018 йилда Самарқанд ИИБ Патрул пост хизмати реаблитация марказига жами 3657 нафар шахслар олиб келинган. Шулардан 925 нафар шахсларнинг муайян яшаш жойига эга бўлмаганлиги ҳамда шахси аниқланмаганлиги сабабли маъмурий ишлар бўйича судларнинг қарорига асосан сақланган.

Шулардан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 914 нафар, аёллар 168 нафарни ташкил этади. Шу билан бирга, 892 нафар фуқароларнинг шахси аниқланиб яшаш манзилларига жўнатилди.
9 нафар шахс эса турли хил жиноятлар содир этиб қидирувда бўлгани учун ушланиб, суд ва тергов органларига топширилган.

Хулоса ўрнида
Ёшлик қилиб уйидан чиқиб кетган Фаррух ҳали паспорт ҳам олмаган. Тирикчилик илинжида турли ёлланма ишларни қилиб юрган ва бирор бир жиноятга аралашмаган. У отасини кўргач, барчадан кечирим сўраб, энди акалари билан устачилик қилишини, ота-онасига рўзғор ишларида ёрдам беришини айтди.

Манба: Darakchi.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бухорода йўқолган ўғил 10 йил ўтиб Cамарқанддан топилди (видео)