06:33 / 24.02.2019
13 550

Кириш имтиҳонларида кутилаётган ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот

Кириш имтиҳонларида кутилаётган ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот
23 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат тест маркази томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда кейинги ўқув йилларида олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари учун кутилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.

Жорий йилнинг 15 февраль куни regulation.gov.uz порталига «Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган эди.

Мазкур қарор лойиҳасига кўра кириш имтиҳонларида бир неча кескин ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Бу ўзгаришларнинг зарурати ва амалга оширилиш тартиби юзасидан Давлат тест маркази раҳбарияти баёнот берди.

«Ҳужжат топшириш учун пойтахтга келиш шарт эмас»
ДТМ раҳбариятиниг айтишича, олий таълим муассасаларининг аксарияти пойтахтда жойлашгани боис ўқишга ҳужжат қабул қилинадиган ҳамда имтиҳон ўтказиладиган ёз ойларида абитуриентлар Тошкент шаҳрига қатнашга мажбур бўларди.

Эндиликда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари томонидан ортиқча оворагарчилик ва харажатларнинг олдини олиш мақсадида уларнинг яшаб турган манзилидаги Давлат хизматлари марказлари орқали барча ОТМларга ҳужжат қабул қилиш йўлга қўйилади. Бу хизмат учун 10-20 минг сўм атрофида тўлов ундирилиши мумкин.

ДТМ директор ўринбосари Қаҳрамон Ҳақбердиевга кўра, давлат хизматлари марказлари ҳужжатлар қабулининг ишончлилигини, ҳимояланганлигини ўз бўйнига олади.

Шунингдек, абитуриент томонидан танланаётган таълим муассасасининг жойлашган ҳудудидан қатъи назар, ўзи яшаб турган ҳудудда тест синовларида иштирок этиши ҳам қарор лойиҳасига киритилди. ДТМ раҳбарияти бу ишлар қандай ташкил этилиши юзасидан аниқ маълумот билдирмади.

«Стажга эга»абитуриентлар имтиҳон учун пул тўлайди
Қарор лойиҳасига кўра, жорий ўқув йилида олий таълим муассасасига кириш имтиҳони учун энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида тўлов қилиниши амалиётга киритилади.

Каримовнинг маълум қилишича, тест синовларида иштирок этиш учун йиғим фақатгина олдинги ўқув йилларида таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан ундирилиши назарда тутилган. Жорий йилда мактаб, лицей ва коллежларни тамомловчи ёшлар учун тест синовлари мутлақо бепул, улар талабалик учун ҳеч қандай тўловларсиз имтиҳон топширишади.

«Бу тўловлардан келадиган маблағ имтиҳон жараёни шаффофлигини таъминловчи – видоекамера, шахсни идентификацияловчи, тест натижаларини текширувчи, жараённи онлайн трансляция қилувчи қурилмалар учун сарфланади. Йиғимларнинг нимага йўналтирилиши Давлат тест маркази сайтида эълон қилиб борилади», – дейди ДТМ раҳбари.
Каримовнинг қўшимча қилишича, тўловнинг аниқ миқдори бўйича ҳозирда Молия вазирлиги ҳисоб-китоб ишларини олиб бормоқда.

Бир вақтнинг ўзида учта ОТМ
Қарор лойиҳасида абитуриентларнинг ўқишга кириш имкониятини янада ошириш мақсадида уларга бир вақтнинг ўзида учта бакалавриат таълим йўналишини танлаш имконияти берилмоқда.

ДТМ раҳбариятининг аниқлик киритишича, имтиҳон учун тўлов қилаётган абитуриентлар нечта йўналишга ҳужжат топширишидан қатъи назар бир марта пул тўлайди. Бундан ташқари, имтиҳонлар бўйича 30 фоиздан юқори натижани қўлга киритган абитуриентларга амал қилиш муддати уч йил бўлган сертификат берилади. Сертификатдан улар уч йил давомида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун фойдаланиши мумкин.

3+2 фанлар тизими йўлга қўйилиши мумкин
«АҚШ, Жанубий Корея, Қозоғистон мамлакатларининг имтиҳон тизимини ўрганган ҳолда, 2020 –2021 ўқув йилидан бошлаб, 3+2 фанлар мажмуини йўлга қўйишни режалаштирмоқдамиз», – дейди Мажид Каримов.

Яъни абитуриент танлаган йўналиши бўйича учта мажбурий фандан, иккита ўзи танлаган танлов фанидан имтиҳон топширади. ДТМ директорига кўра, фанлар мажмуаси сентябрь-октябрь ойида маълум қилинади.

Шунингдек, абитуриентларнинг саводхонлик даражасини ошириш мақсадида она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ)дан ёзма иш олиш режалаштирилган. Ёзиш кўникмасини баҳолаш асосий имтиҳонларга қўшимча равишда ташкил этилади, аммо бунинг аниқ механизмлари ҳали ишлаб чиқилмаган. Агар абитуриент ёзма синовдан етарли балл тўпласа, она тили фани бўйича тестни топширмаслиги ҳам мумкин. Ушбу тизимнинг амалга ошириш тартиби жорий йилнинг октябрь ойига қадар расман эълон қилинади.

Тест жараёнига халқаро экспертлар жалб этилади
Давлат тест маркази директорининг баёнотига кўра, тест жараёнларининг халқаро стандартларга мос равишда ўтказилишини таъминлаш мақсадида, баҳолаш жараёнига халқаро экспертлар гуруҳини жалб этиш учун Халқаро илмий-методик марказ ташкил этилиши режалаштирилган. Экспертлар тест материалларининг сифати, тўғри тузилганлигини ҳам назорат қилиб боради.

Анжуманда тақдим этилган маълумотларга қараганда, кириш имтиҳонларида катта ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда ва улар талабаликка даъвогарларнинг билимини юқори аниқликда ва шаффоф тарзда белгилашга қаратилган. Янгиликлар амалда ҳам қарор лойиҳасида баён этилганчалик реал самара беришини эса вақт кўрсатади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Кириш имтиҳонларида кутилаётган ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот