17:20 / 05.03.2019
8 719

Президентнинг собиқ маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов Рашид Қодиров ва унинг гумашталари ҳақида

Президентнинг собиқ маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов Рашид Қодиров ва унинг гумашталари ҳақида
ЎзА Президентнинг собиқ маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқовнинг хотиралари ва бугунги кун билан боғлиқ фикр-мулоҳазаларини эълон қилди.

— Биз ҳамон ўз чўнтагимизни давлат, халқ чўнтаги билан алмаштириб қўймоқдамиз. Чўнтакка тушган ўғирлик миллат қалбига ҳам тушган ўғирликдир. Давлат ва халқ мулкини кўз қорачиғидай асраш ўрнига ўғирликка ўзларини бахшида этган собиқ бош прокурор Рашид Қодиров ва унинг гумашталари шундай оддий ҳақиқатни англаб етмади.

Ўтган асрнинг 90 йиллари эди. Девонда ишлардим. Ўшанда куч ишлатар тизимидаги бир ходимнинг ўз оиласида ўтказган «тадқиқот»ни эшитиб ҳанг-у манг бўлганман.

«Бекорчилик куним эди, – сўз бошлади у, – ўғлим билан қизим жуда яқин эди. Уларни синаб кўрмоқчи бўлиб, уриштиришга ҳаракат қилдим. Меҳнатим зое кетмади, иккаласи обдон жанжаллашди. Ниҳоят, ўзим бу жанжалга нуқта қўйдим, – деди суҳбатдошим. Эшитиб хафа бўлдим. Наҳот, шундай лавозимда ишлаган раҳбар ходим шунчалик пасткашликка юз тутcа? Демак, кимгадир ёмонлик қилиш усуллари уларнинг хонадонларида синовдан ўтказилар экан-да. Бу синовлар натижаси бошқаларга қўлланса одамларнинг тақдири нима бўлади?

Раҳбар кадрнинг энг муҳим фазилатларидан бири адолатпарварлик бўлиб, у ўз ишини, ҳукм ва қарорини адолат асосига қурмас экан, унинг ҳамма меҳнати зое кетиши мумкин. Чунки адолатсиз иш пойдеворсиз иморатга ўхшайди! Кадрлар билан ишлар борасида кўз илғамас яна бир хавфли иллат бор. Бу раҳбар қулоғига «шипшиш» одатидир. Бундай «маҳорат»ни эгаллаганлар ундан фойдаланишни ҳам яхши билади.

Амалдор бор экан, бундай «шипшиш»лар ҳам бўлиши балки табиийдир. Бироқ, «шипшувчи»лар аслида кимнинг дўсти? Ҳаёт шуни кўрсатадики, одатда, «шипши»ган зотлар доимо ўз йўлига ғов бўлаётган ёки ўз тор мақсадларига хавф солаётган кимсалар ҳақида «ахборот» тўплайди. Улар бундай маълумотлар тўплашда оқ-қорани ажратиб ўтирмайди. Ошкор ва ҳалол йўлда зарба бера олмаган ўз рақибини оёғидан чалса бас. Баъзан, улар рақибидан ўч олишнинг бошқа усулларини қўллашдан ҳам тойишмайди. Раҳбар қулоғига бири рақиби устидан «луқма» ташлайди, иккинчиси уни тасдиқлаб ўтади, учинчиси эса «ёлланган» одамни раҳбар қабулига киритиб юборади. Мана шундай усуллар қўлланиши давомида кўплаб соф виждонли кишилар айбсиз айбдор бўлиши мумкин.

Гдлянчилар ҳақида кўп гапирамиз. Афсуски, ўзимизда ҳам ноинсоф, бераҳм терговчилар бор эди. Улар тергов учун янги «усул» қўллади: фуқароларни жиноий жавобгарликка тортиш учун, уйларига ўқ-дорилар ёки «қора дори» ташлашади ва «топгич ходимлар» эса уларни бирпасда топишарди. Қарабсизки, умрида ўқ-дори, қора дорини яқинидан ўтмаган, билмаган фуқаро қамоқдан жой олади. Шу маънода кўп йиллар турли вазифаларда фаолият юритган, тарих фанлари номзоди Исмоил Шодмонқуловнинг Ўзбекистон Олий судида берган кўргазмаси диққатга молик. «Тонгда уйимизга ички ишлар ходимларидан 12 киши келди ва тинтув қила бошлашди, беш дақиқа ўтар-ўтмас турмуш ўртоғимнинг (педагогика институти факультет декани) ички кийимларидан докага ўралган патронлар ва қора дорилар топишди.

Ишлатилган пичоқ ялтираб кетганидек, ўнлаб, балки минглаб одамлар тақдирини «ҳал этган» бу патронлар қўлдан-қўлга ўтавериб ялтираб кўринарди. Тергов пайтидаги азобларга эса чидаб бўлмасди, терговчиларнинг ягона талаби — бошлиғимга нисбатан улар хоҳлаган кўргазмани ёзиб беришим керак эди. Биргина мен эмас , жуда кўп ходимларга ҳам ана шундай азоблар берилди. Улар ўз мақсадларига эришиш учун бизларга нисбатан қўлламаган усуллари қолмади».

Яна бир воқеа ҳеч ёдимдан кўтарилмайди. Беруний туманида (Қорақалпоғистон Республикаси) ёқилғи қуйиш шохобчаси ходими устидан жиноий иш очилади, гўё у ёқилғини ноқонуний тарзда сотаётган экан. Бу ишни ёпиш учун туман прокурори айбдордан ўн икки минг сўм талаб қилган. Айбдорнинг қариндоши ва дўсти билан мен ўша пайтда бир жойда ишлар эдик. Улар менинг хонамга кириб бўлган воқеани батафсил тушунтириб беришди. Мен бу ҳақда дарҳол Ўзбекистон Бош прокурорига айтдим.

Ўша пайтда, билмадим, қайси раҳнамо сабаб, туман прокурори Туркманистонга қочиб кетди, аммо маълум муддат ўтиб Бош прокурор Рашид Қодиров ёрдамида ўша кимса Бош прокурорнинг ёрдамчиси, одамларнинг айтишича, «чўнтаги»га айланди.

Бузоқнинг югургани сомонхонагача — ўшаларнинг ҳаммаси ниҳоят тумшуқларидан илинди.

Бугун мамлакатнинг ҳамма соҳалари Президентнинг эътиборида, назарида. У кишининг ички ва ташқи сиёсат бобида олиб бораётган фаолияти бир неча йўналишда амалга оширилмоқда.

Йўл қўйилган хато ва камчиликлар бартараф этилмоқда. Ён атрофдаги қардош давлатлар билан муносабатларимиз жойига тушди, иқтисодий ҳамкорлик қайта тикланди. Халқлар Дўстлиги саройи олдида Шароф Рашидов ташаббуси билан Шомаҳмудовлар оиласи учун ўрнатилган ҳайкал олиниб шаҳардан чиқишдаги ГАИ пости олдига ўрнатилди. Нега? Етимларга шаҳарда жой йўқми, етимнинг жойи шаҳар четидами? Ёки Президент ташаббуси билан ўтган йили Тошкент шаҳридаги масжидларнинг бирига шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг номи берилди.

Ҳеч кимга сир эмас, статистик маълумотлар бўйича ишлаб чиқариш суръатлари қанчалик юқори кўрсатилмасин , халқнинг турмуши ёмон аҳволда эди. Газлаштириш, электр энергияси билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ жойларида, муаммолар муаммоси эди.

Кўпгина коллежлар, лицейлар хорижнинг қимматбаҳо компьютер ускуналари билан жиҳозланган. Бироқ улар, аксарият, ишламасди. Сабаб битта — электр энергиянинг йўқлиги бўлган. Ушбу ҳол гўё дала ўртасида ёқилғисиз тўхтаб қолган тракторга ўхшарди. Кейинги икки йил давомида қишлоғимизга газ ҳам келди, электр чироғи ёниб турибди.

Қурилишда янги технологияларни қўллаш натижасида қирқ беш кунда бир янги қишлоқ пайдо бўлса! Хаёлингизга ҳам келтира олмайсиз! Фақатгина «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури бўйича 2018 йилда республика бўйича юзлаб қишлоқ тубдан янги замонавий талабларга жавоб берадиган қиёфага кирди.

Янги раҳбарнинг келганига икки йил бўлди. Очиғини айтсак , мана шу муддат ичида қилинган ишларни, ўзгаришларни кўриб дилингиз баҳра олади. Юзлаб саноат корхоналари, спорт иншоотлари қад кўтармоқда, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маориф, олий ўқув юртларининг янги бинолари бўй чўзмоқда. Мамлакатнинг экспорт салоҳияти ҳам ўсмоқда. Иқтисодий бақувват АҚШ, Россия, Хитой, Япония, Германия, Ҳиндистон, Покистон, Жанубий Корея каби йирик мамлакатлар эшиклари Ўзбекистон учун янада очилмоқда. Ҳар биримиз бундай ижобий ўзгаришлар, ютуқлардан фахрланмоғимиз зарур . Улуғ сафарга чиққан карвон аъзолари — ҳар биримиз, садоқат, эътиқод, самимият, ҳалоллик каби туйғуларни қалбимизда чуқур ҳис этиб карвонбоши атрофида бирлашмоғимиз, янги ютуқларни қучиш учун шахдам қадамлар билан олға юрмоғимиз керак.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президентнинг собиқ маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов Рашид Қодиров ва унинг гумашталари ҳақида