Комил Алламжонов ва Шерзод Асадов “Дўстлик” ордени билан тақдирланди

Комил Алламжонов ва Шерзод Асадов “Дўстлик” ордени билан тақдирланди

Президент администрацияси раҳбарининг шартнома асосидаги маслаҳатчиси Комил Алламжонов ва Президент администрациясининг Коммуникациялар департаменти бошлиғи – президент матбуот котиби Шерзод Асадов “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. Тегишли Фармон Президент томонидан 22 август куни имзоланган.

Мукофот уларга Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга қўшган ҳиссаси, мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти ва халқ фаровонлигини таъминлаш, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ва обрўсини ошириш борасидаги хизматлари учун берилган.

Шунингдек, уларнинг жамиятда барқарорликни мустаҳкамлаш, маънавий-маърифий ишларни ривожлантириш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги фаолияти ҳам эътироф этилган.

Комил Алламжонов 1984 йилда Тошкентда туғилган. У фаолиятини журналистика соҳасида бошлаган, кейинчалик Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизматига раҳбарлик қилган. Турли йилларда Президент Администрацияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Ҳозирда Президент Администрацияси раҳбарининг маслаҳатчиси ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги вакили.

Алламжонов, шунингдек, Жорж Вашингтон университетининг Марказий Осиё дастури бўйича махсус маслаҳатчиси сифатида ҳам фаолият юритади.

Шерзод Асадов 1981 йилда Бухоро вилоятида туғилган. У узоқ йиллар Ташқи ишлар вазирлиги тизимида, шунингдек, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида фаолият юритган. 2020 йилда ТИВ вазирининг ўринбосари бўлган. 2021 йилдан Президент матбуот котиби сифатида ишлаган Асадов айни пайтда Президент Администрацияси Коммуникациялар департаментини бошқармоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар