23:44 / 11.03.2019
4 620

Ўзбекистонда раҳбарлар дунёқараши нега ўзгармаяпти?

Ўзбекистонда раҳбарлар дунёқараши нега ўзгармаяпти?
Инсонга муносабат тарихдан миллатга муносабат бўлиб келган. Подшоҳнинг миллатига бўлган муносабати жуда кўп нарсани белгилаб берган. «Мен подшоҳман, халқим менинг хизматчим» дейиши ва «Мен подшоҳман, халқнинг хизматчисиман» дейиши айри-айри нарсалар.

Мустақиллик давридан сўнг бу ҳолатга бирданига келиб қолинмаган. Халқ учун хизмат қилишга ҳаракат қилинди, асосийси, мустақилликка эришилди, халқ учун нималардир қилинди.

Садо берилса-ю, лекин акс садо келмаса, ҳафсала пир бўлади. Мана шу нуқта, айниқса, раҳбарлар ҳафсала пир бўлиш нуқтаси - жуда даҳшатли нуқта. Бунда акс садо берилмаётган томон ҳам, бир мартада руҳан тушадиган раҳбар ҳам айбдор.

Бугунги Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келди. Халққа нисбатан «халқ менинг хизматчим эмас, мен халқнинг хизматчисиман, ҳукумат ҳам халқ хизматчиси», деган тамойил қўйилди. Ўтган уч йил давомида бу нарса, энг аввало, ҳукумат ишида оғир кечиши бошидан айтилганди. Сабаби, бугун ҳукумат аъзоларининг аксарияти 40-50 ёшдан ўтган, шахс сифатида шаклланиб улгурган, ўзига берилган ваколат, ҳурмат-иззатга ўрганиб қолган табиатни зумда «халқ хизматчиси», деган фитратга алмаштириш жуда оғир.

Натижада нима бўлди?! Ўйин бошланди, кўзбўямачилик бошланди, аммо бу уларнинг фойдасига эмас. Мирзиёев президент сифатида ўз принципида охиригача туряпти. Яъни, бир масалани айтиб, бир йил муддат беряпти, ўзгарса ўзгарди, ўзгармаса яна шу масалани айтиб, ким бу ишни амалга оширмаган бўлса ҳаммасидан воз кечяпти. Йўқотишдан қўрқмаяпти. Ҳаётда инсоннинг йўқотишдан қўрқмаслиги даҳшатли кучдир.

Хўш, шундай сиёсий ирода бор экан, бугун жамият нега ўзгармаяпти?! Ўзгаряпти, лекин секин-секин, босқичма-босқич деган баҳоналар билан, аммо кутилганидек ўзгармаяпти. Сиёсий ислоҳотлар бўляпти, қонунлар алмашяпти, лекин турмуш тарзимиз алмашмаяпти. Нега? Сабаби - тафаккур, дунёқараш, ишга муносабат ўзгармаяпти. Бугун жамиятда одамларни ўзгартирамиз деяпмиз, лекин, аввало, раҳбарлар ўзгариши керак.

Афсуски, ҳукуматдаги раҳбарлар бугун бошқача қараш, бошқача ишлашни ўрганмаяпти. Нега? Бу ерда яна бир катта муаммо пайдо бўлади. Бу психологик муаммога ҳам ўхшаб кетади.

Бошқарув кадрларимиз орасидаги энг катта муаммо - халқни, миллатни кўп нарсани билмайди, деб ўйлаши. Бу бошқарув органларидаги энг катта хатолардан бири. Яъни, бу миллат гўёки ҳеч нарсани билмайди. Ҳақиқатлар борлигини билмайди.

Нега президент Мирзиёев кадрлардан воз кечишдан қўрқмаяпти? Сабаби - мажбурламоқчи. Олиб ташлаяпти, анча муддатдан кейин бошқа иш бериб кўряпти, керак бўлса яна олиб ташлаяпти. Бу ердаги энг катта мақсад - билмасликни ўргатиш ва халқ билан ҳисоблашишни ўргатиш. Бироқ, муаммо тўлиқ ҳал бўлмаяпти. Сабаби ўрганишни исташмаяпти. Аммо ўрганишга мажбур бўлишади.

Бугун миллатни «аҳмоқ», «ўқимаган» деб ўйламаслик керак. Биз ғорда туғилган миллат эмасмиз. Азалдан буюк миллатмиз.

Халқ индамади дегани - билмади, дегани эмас. Миллат сабр қилди дегани - қўрқди, дегани эмас. Президент индамаётгани - президент кўрмаяпти, дегани эмас. Вақти-соати келиб ҳамма нарса жой-жойига қўйилади. Бу ердаги масала шу.

Биринчиси - ёки ҳукумат аъзолари ақлини йиғиштириб, президент айтгандек ишлайди, иккинчиси - халқ мана шу берилган имкониятни қайта тарбия бўлиши учун, ишга муносабатнинг ўзгариши учун қайтадан имконият ўлароқ англаб етади.

Мансабдорларни олайлик. Масъул бир лавозимни эгаллаган шахс шу нуқтага қандай етиб келди? Ўзидан-ўзи осмондан тушдими? Йўқ. Давлат уни ўқитди, чет элга амалиётга жўнатди, академияларда ўқитди. Яъни, тайёрлаб-тайёрлаб уни шу нуқтага олиб келди. Нега олиб келди? Энди бу мана шу нуқтада туриб, ўзига ўхшаган одамларнинг ҳаётини ўзгартирсин, деб олиб келди.

Аммо, аксарият ҳолатда мансабга ўтирганидан кейин бурнидан нарини кўрмаяпти. Яна фақат ўзим бўлай, деб асосий мақсадни эсдан чиқаряпти. Асосий вазифа - халққа хизмат қилиш эсдан чиқяпти. Бу ғорга кириб, бошқа одамларни олиб чиқишни истамаяпти. «Мен ғордан чиқдим, бир ўзим дунёни айланишим керак», - мана шу тафаккурда юрибди.

Бундан воз кечишимиз керак. Сабаби вақтимиз жуда ҳам оз.

Бугун бир-бирини қучоқлаган, дастак бўлган, бир-бирини эшитган, гаплашган, тушунишга ҳаракат қилган миллатгина омон қолади. Бир-бирига жаҳл қилиш, қўллаб-қувватламаслик, «ўзим бўлай» дейишнинг охири яхши бўлмайди.

Давлатни «менга нима» деган қараш таназзулга олиб келади. Агар мазлум золимнинг зулми остида қолаётган бир пайтда, ҳокимлар ёки амалдорлар «менга нима» деб қараса - у таназзулга маҳкум давлатдир. Қозихоналарда адолатсизлик бўлса-ю вазирлар бунга «менга нима», деб қараса - мана шу таназзулга олиб келади.

Бугун юртнинг эгаси «менга нима» деган тафаккурдан ташқари. У халқи учун, миллати учун ҳаракат қиляпти, тинмаяпти. Аммо, атрофида, ҳукуматда бир-икки «менга нима»чилар мавжуд. Шунга қарамай, у тиниб-тинчимаяпти.

Биз бугун «менга нима» деган тафаккурдан воз кечсак, эртамиз ёруғ бўлади.
Саид-Абдулазиз Юсупов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда раҳбарлар дунёқараши нега ўзгармаяпти?