09:51 / 14.03.2019
3 255

Марказий Осиё – бу терра инкогнита, дунёга ҳануз очилмаган, ноёб нарсалар билан тўлдирилган сеҳрли сандиқ

Марказий Осиё – бу терра инкогнита, дунёга ҳануз очилмаган, ноёб нарсалар билан тўлдирилган сеҳрли сандиқ
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан “Замонавий санъатлар Маркази”га старт берадиган лойиҳа ишга туширилди.

13 апрелдан 1 июнгача бўлиб ўтадиган ушбу кенг кўламли лойиҳа кўргазма очилишини, спектакл намойишини, маъруза ва семинарлар ўтказилишини, кино намойишларини ҳамда халқаро меҳмонлар иштирокидаги болалар ва оилавий ижод устахоналарни ўз ичига олади. Айтиб ўтилган тадбирлар ичида ўзбек режиссёри ва видео-тасвирчи Саодат Исмоилованинг “Қирқ қиз” деб номланган мусиқали спектаклига алоҳида эътибор қаратилган . Бу спектаклни жамғарма Aga Khan Trust for Culture халқаро жамғармаси билан биргаликда, 2019 йилнинг 16 ва 17 апрел кунлари Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри саҳнасида тақдим этади.

“Қирқ қиз” қаҳрамонлик эпоси- қорақалпоқ халқининг адабий образи бўлиб ҳисобланади. Бу 2000 йиллик тарихга эга бўлган кўп қиррали ва кўп қатламли тарихий ва этнографик ёдгорликдир. Ушбу видеоролик Қорақалпоғистонда, шунингдек, Тошкентнинг энг қадимги Азлархон эшон масжидида суратга олинган. Бир ярим соатлик постановка қорақалпоқ эпосининг тарихини мусиқий ва бадиий-абстарктив шаклда фрагментар реконструкция қилади. Постановка устидаги ишларда 20дан ортиқ бадиий фильмлар мусиқасининг муаллифи, бир неча халқаро фестиваллар мукофотлари совриндори, басткаор Дмитрий Янов-Яновский иштирок этган.

Спектаклда Марказий Осиё вокал санъатининг мумтоз мактаблари: ўзбек халқ тановари, достонлари, Қорақалпоғистон, Қозоғистон ва Қирғизистон халқ томоқ қўшиғи (жир) ва чўзиб айтишни намойиш этадиган турли халқ мусиқий асбоблар иштирок этади. “Қирқ қиз” - бу режиссёрнинг Марказий Осиёдаги турли хил вокал ва мусиқий тажрибасини ҳамда аёлларнинг мафтункор куйларини мужассамлаштиришга, минтақанинг яхлитлигини намойиш этишга қаратилган уринишдир. Бундан илгари спектакль Нью-Йорк шаҳрининг ВАМ (Brooklyn Academy of Music) театрида ва Парижда, Бранли соҳилида, Жак Ширак Жамғармасининг Клод Леви- Стросс театрида намойиш этилган.

Саодат Исмоилова – муаллифлик асарлари ўзининг ноёб ва такрорланмаслиги, ўзгача дунёқараши билан кенг миқёсда халқаро эътирофга сазовор бўлган ўзбек видеотасвирчиси ва режиссёри.

“Марказий Осиё – бу терра инкогнита, дунёга ҳануз очилмаган, ноёб нарсалар билан тўлдирилган сеҳрли сандиқ бўлиб, унинг тубидан ўз вақтида чиқиб улғайган буюк маданиятлар дунёга донг таратган, турли халқлар, диний қарашлар ва маданиятлар бешигига айланган. Бу маданият менинг ишонган тоғим, менинг куч-ғайратим, менинг менлигимдир. Бу тупроқлар шундай буюк шижоат, шундай буюк ижод манбаларига бойки, келажак авлодлар учун ғам илҳом чашмаси бўлиб хизмат қилади” -дейди С. Исмоилова ўз лойиҳалари ҳақида.

“Қирқ қиз” мусиқий спектакли Тошкентда илк бор тақдим этилади ва томошабинларни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон мусиқий маданияти билан яқиндан таништиради. Барча томошабинларни бир ярим соатлик жонли янграйдиган мусиқа билан кузатиладиган қизиқарли фильм намойиши кутмоқда. Спектакль чипталари 2019 йил 12 мартдан бошлаб Алишер Навоий театри кассасида, савдо офисларида ва Iticket.uz. электрон порталида сотилади.

18 апрел куни болалар, талабалар ва санъат ихлосмандлари учун таълим тадбирлари ташкил этилади. Тадбирлар дастурлари Саодат Исмоилова ва унинг ҳамкорлари билан биргаликда Жамғарма жамоаси томонидан ишлаб чиқилган. 5 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун Марказ залларида интерфаол устахоналар ташкил этилиб, барча машғулотлар Саодат Исмоилова ва Теодор Левин (АҚШ) томонидан ўтказилади. Шунингдек, Замонавий санъатлар маркази биносида Марказий Осиёнинг мусиқий санъатининг ноёблигига бағишланган турли маърузалар ва семинарлар ўтказилади.

Маърузачилар сифатида Саодат Исмоилова, Теодор Левин ва Дмитрий Янов-Яновский, шунингдек “Қирқ қиз” спектаклининг мусиқачилари сўзга чиқади.

Барча оммавий таълим тадбирларда қатнашиш Замонавий санъатлар маркази сайтида олдиндан рўйхатга туриш орқали амалга оширилиб,кириш эркин ва бепул бўлади.​

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Марказий Осиё – бу терра инкогнита, дунёга ҳануз очилмаган, ноёб нарсалар билан тўлдирилган сеҳрли сандиқ