12:45 / 05.04.2019
4 083

Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши бўйича ўзгаришлар юз берди

Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши бўйича ўзгаришлар юз берди
Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжат матни “Халқ сўзи” томонидан келтирилган.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 22 февралда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 28 февралда маъқулланган.

Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган 598–I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:

36-модда (Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши):

биринчи қисмининг 10, 11 ва 12-бандлари қуйидаги мазмундаги 10, 11, 12 ва 13-бандлар билан алмаштирилди:

“10) қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида;

11) мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ордер кимошди савдоси асосида сотиб олинганидан кейин ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида, ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи гаровда бўлган тақдирда эса — гаров шартномаси муддати мобайнида фойдаланилмаганида. Фойдаланилмаётган ер участкалари уларнинг аввалги эгалари тўлаган қиймат ушбу эгаларга компенсация қилинган ҳолда олиб қўйилади;

12) фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгашлари раёсатининг қарорига мувофиқ фермер ёки деҳқон хўжалигининг Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги тугатилганда;

13) ер участкаси ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда олиб қўйилганда”;

тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“Ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ер участкасидан доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини ушбу модда биринчи қисмининг 1, 2, 3, 5–11-бандларида кўрсатилган ҳолларда тугатиш ердан фойдаланиш ҳамда уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органларнинг тақдимномасига кўра, ҳуқуқлар тугатилишининг асосли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида тегишинча туманлар, шаҳарлар, вилоятлар ҳокимларининг қарорлари ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади. Ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ер участкасидан доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини ушбу модда биринчи қисмининг 12-бандида кўрсатилган ҳолда тугатиш тегишли туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларининг таклифига кўра, ҳуқуқлар тугатилишининг асосли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида туманлар ҳокимларининг қарорлари билан амалга оширилади. Юридик ва жисмоний шахслар ер участкаларига эгалик қилиш ҳуқуқини, ер участкаларидан доимий ёки вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини тугатиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳамда кўрсатилган мансабдор шахсларнинг қарорларидан норози бўлган тақдирда, ушбу қарорлар устидан судга шикоят қилиши мумкин”;

бешинчи қисмидаги “1, 2, 6 — 10, 12” рақамлари “1, 2, 6 —10, 12, 13” рақамлари билан алмаштирилди.

84-модда (Ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан назоратни амалга оширувчи органлар) қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан тўлдирилди:

“Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари деҳқон хўжаликларининг ер участкаларидан ҳамда томорқа ерлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, шу жумладан ерларга ишлов берилишининг ҳолати, уруғлар, кўчатлар ва дарахтларнинг экилиши, иссиқхоналар қурилиши, чорва ва парранданинг кўпайтирилиши устидан жамоатчилик назоратини ҳамда уйларни айланиб чиқиш орқали мунтазам равишда мониторингни амалга оширади.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши аъзолари бўлган фермер, деҳқон хўжаликларига ҳамда томорқа ер эгаларига тегишли ер участкаларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш зарурлиги тўғрисида кўрсатмалар беришга ҳақли”.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши бўйича ўзгаришлар юз берди