date
views 5 836

«Салим қори ёмон иш қилган... суддан дарак йўқ»

«Салим қори ёмон иш қилган... суддан дарак йўқ»
«Azon.uz сайти шу одамни ёнини олиб яхши иш қилмади, ўғрини ўғри деймиз, даррор жазолаймиз» (ижтимоий тармоқдаги постлардан)

Аслида масала биз ўйлагандан ҳам чуқурроқ илдизларга эга.

Яқин, жуда яқин тарих. Куз. Семинар ва шунга ўхшаш тадбирларга бой фасл. Шундай ажойиб кунларнинг бирида аёллар мавзусига бағишланган конференция ўтказилди, катта одамлар иштирок этди, Бош вазир ўринбосари, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, давлат идораларидан таклиф қилинган мутахассислар ва ...дин соҳаси одамлари. Албатта, аёллар ҳуқуқи тўғрисида бўладиган тадбирда Исломда аёл қадрини дин одамидан бошқа ким ҳам тушунтириб бера олади?

Тадбир бўлиб ўтганлиги ҳақида Хотин-қизлар қўмитасининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинган мақоладан

Тадбир бўлиб ўтганлиги ҳақида Хотин-қизлар қўмитасининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан
Хуллас, тадбир бўлиб ўтди. Кўпчилик сўзга чиқди. Бундай тадбирлар тарқатма материаллар билан бойитилади. Ушбу тадбирда диний адабиёт сифатида голограмма билан муҳрланган китоб ҳам тарқатилди, бу Салим қори Қодировнинг «Аёлни эъзозлаган дин» деб номланган китоби эди. Тўғриси, бу китоб ўша вақтда қўлимга тушган бўлса ҳам ўқиб кўрмадим. Ҳаммаси тушунарли-ку, яхши гаплар ёзилган, деб.

Бугунги кунимиз. Жорий йилнинг 12 апрелида ЎзАда эълон қилинган мақола эътиборимни тортди: «Илмига амал қилмаган муллодан... Ёки кўплаб олимлар, ҳатто Бурҳониддин Марғиноний сўзларини ҳам ўзиники деб эълон қилган Фарғона вилояти бош имом хатибининг “ижоди” ҳақида», албатта, бундай жарангдор сарлавҳа кўпчиликни ўзига жалб қилади. Ўқидим, ия, бу ўша китоб-ку. Наҳотки шундай катта тадбирда, катталар иштирокида тарқатилган китоб бировники бўлиб чиқса? Бу ёмон! Мақолани ўқиб чиқдим. Қаерда, қандай кўчирилгани тўғрисида тўлиқ маълумот берилган. Фақат, негадир мендаги китоб билан ЎзАда келтирилган китобнинг варақлари тўғри келмаяпти: «...Салимқори Қодиров “муаллиф”лигидаги 116 бетли китобнинг 34,35,37-бетлари, 38-бетининг 2 ва 3-хатбошиси...», мендаги китоб 100 бетли эди-да.

Биринчи китоб

Иккинчи китоб
Яна солиштиришни бошладим, мақолада келтирилган кўчирмалар бор, лекин умуман бошқа бетларда. Мақола сўнгида «Нега Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ўзининг 6591-сонли хулосаси билан уни чоп этишга тавсия берган?» дейилган, демак Қўмита хулоласи бор. Яна «хатолик», мен кўраётган китобда Қўмитанинг 6339-сонли хулосаси келтирилган. Лекин китобнинг бошқа параметрлари бир хил (УЎК, КБК, ISBN каби маълумотлар қайта нашрда ўзгаради). Ажабо, бир китобга 2 та хулоса.


Фарғоналик танишлар орқали шу китобнинг ЎзАда чиққан талқинини топдим ва жумбоқ яна ҳам чигаллашиб кетди. Чунки кўриниши ўхшаш, лекин ичи бирмунча фарқ қилувчи китоблар эди. Биринчиси 2018 йил 23 ноябрда босмага берилган, Қўмитанинг 6339-сонли хулосаси асосида, иккинчиси ўша йили 17 декабрда, 6591-сонли хулоса билан босмага берилган. Иккала китоб ҳам муфтий Усмонхон Алимов ва шайх Абдулазиз Мансур таҳрири остида чиққан.

Балки биринчи китоб яхши сотилгани учун қайта нашр бўлгандир, дейсиз. Балки, лекин иккинчи китобда биринчи китобдаги айрим хатбошилар кўринмаяпти, жумладан мана бу хатбоши негадир олиб ташланган:

«Аёлнинг ижтимоий муносабатларда қатнашиш ҳуқуқи таъминланар экан, унинг жамоат жойларида ўраниб юриши шарт қилиб қўйилган. Бу масала ҳозирги кунда турлича талқин этилмоқда...» Ҳа, айнан шу жойи янги нашрда йўқ.


Юқоридагиларни таҳлил қила туриб бир нарса хаёлга келди, ўша кунлари Халқаро Ислом академияси талабаси рўмол масаласида ўқув юрти билан судлашаётган, адвокат эса диний соҳадан эксперт қидираётган вақт эди.

Нега булар бир вақтда рўй берди экан?

Нега Мусулмонлар идораси раҳбарияти таҳрири остида чиққан китобга тезда ўзгартириш киритиш зарурати туғилиб қолди?

Бу китобда келтирилган «Аёлнинг ижтимоий муносабатларда қатнашиш ҳуқуқи таъминланар экан, унинг жамоат жойларида ўраниб юриши шарт қилиб қўйилган» жумласи эксперт фикри сифатида (ахир Фарғона бош имом-хатиби кичкина одам эмас) қабул қилинармиди?

Ёки кўчирганлиги исботланган имомнинг китобидаги гап энди инобатга олинмайдими?

Саволлар кўп, имомнинг иши оқланмайди. Бировнинг ҳуқуқини бузиш бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам ҳисоб-китоб қилинади. Лекин юқоридаги саволлар кишини ўйлантириб қўйди. Агар имомнинг иши судгача етиб борса (бунда муаллиф билан келишув рўй бериб, ўзаро рози-ризолик бўлиб кетиш эҳтимоли борлиги учун, илло-биллоҳ иш хас-пўшланади демоқчи эмасмиз), китобдаги ўзгартишларга ҳам аниқлик киритиб кетилади деб умид қиламиз.

Айтганча, Олий судда кўрилиши керак бўлган рўмол масаласи чўзилиб кетмадимикан?

Манба: Azon.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Салим қори ёмон иш қилган... суддан дарак йўқ»