00:30 / 14.05.2019
4 385

Эҳсонлар қабул бўладиган энг қулай фурсат

Эҳсонлар қабул бўладиган энг қулай фурсат
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “...ва сиз эҳсон қилинг, Аллоҳ таоло эҳсон қилувчиларни яхши кўради”. Яна бир оятда: “Яхшилик қилувчиларга бу дунёнинг ўзида ҳам яхшилик бор”, дейилади. Аллоҳ таолонинг марҳаматини қаранг. Бу дунёда битта яхшилик қилсак, охиратда ўндан то етти юз баробаргача бўлган яхшилик бизни кутиб туради. У бандаларига ана шундай марҳамати кенг, меҳрибон Зотдир.

Дунёда яшар эканмиз хаёлимиз, фикримиз ва зикримиз яхшилик қилиш бўлиши керак. Ҳадисларда шундай дейилади: “Яхшилик қилиш қўлингдан келмаса, ҳеч бўлмаганда ёмонлик қилма”. Рамазон ойи айнан эҳсон ойи ҳисобланади. Мўмин-мусулмон бандалар яхшиликда мусобақа қиладиган ой ҳисобланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақанинг энг афзали – Рамазонда қилинган садақа”, деганлар. Ҳамёнимиздаги мол-давлат Аллоҳ таоло берган омонат. Бизники деймизу, бизга насиб қилиш қилмаслигини фақат Аллоҳ билади.

Муборак Рамазон бошланганига ҳам бир ҳафтадан ошди. Ифторликлар, тўкин дастурхонлар билан бўлиб ёнимиздаги кундалик бир косагина ёвғони билан ифтор қилиб қўл учида кун кечираётган қўшнимизни, бева, етимгина болалари бор синглимизни ва ёрдамга муҳтож одамларни унутиб қўймадикми? Ахир ҳадисдан маълум бўлдики, бу ойда қилинган эҳсонларимиз қилган садақаларимизнинг энг афзали экан. Биз сизга ақл ўргатишдан йироқмиз.

Бироқ ҳали ҳамон 20 киши келадиган ифторликка 50 киши тўядиган ҳаражат қилиб исрофни кўпайтираётганимиз бор гап эмасми? Баъзида эса безатилган дастурхонларни кўриб ифтордаги турфа таомлар сабаб рўза тутаётганлар ҳам йўқмикан деб ўйлаб қоламан,астағфуруллоҳ! Муҳтожлар қолиб уйида тўкин-сочинлик, тўқчилик бўлган одамларни, казо-казоларни ифторга чақириш урф бўлганлигига ҳам кўз юма олмаймиз.

Биз ўзига тўқлар ифторга чақирилмасин деган фикрдан йироқмиз, аммо шулар қаторида ўртаҳол, қўли қисқароқ одамларнинг умуман йўқлиги, уларнинг бундай ифторларга чақирилмаслигидан ҳам кўз юма олмаймиз.Аслида эса мискин ва бечораларга улашилган ҳар бир луқма таом учун юз, минг маробар савоб олсак не ажаб.

Нега бир килограмм хурмо 30 минг бўлди?

Рамазон учун махсус тайёргарлик кўриб бозор қилиб қўйиш деярли барчамизга одат бўлиб қолган. Аммо Рамазондан бир ҳафта олдин бир килограммини 18 мингдан олган хурмомизнинг Рамазон арафасида бир килограмми 30 минг сўмдан 165 минг сўмгача нархланганини қандай тушуниш мумкин?

Одатий кўп жойларда Рамазон муносабати билан рўзадорларга қулайлик яратиш мақсадида нарх-наволар туширилади ёки камида оширилмай турилиши маълум. Бу эса Рамазонга, умуман мусулмонларга бўлган ҳурмат, Аллоҳнинг динига нисбатан муносабатнинг гўзаллигидандир ва Аллоҳ шундай савдогарларга, тижорат қилувчиларга барака беради.

Афсуски, савдо ходимлари Рамазондан “фойдаланиб”, бу ойда кўпроқ фойда қилиб қолиш мақсадида нарх-навони кескин суръатда ошириб олишади. Албатта, бу ойда озиқ-овқатга бўлган талаб ошади. Одамлар йил бўйи олиб емаган нарсаларини ҳам олиб егилари келади. Бу эса баъзи учар, мурувватдан йироқ сотувчилар учун айни муддао бўлиб хизмат қилади. Аслида диндошларимиз саҳарлик ва ифторликда дастурхонни чиройли қилиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб оладилар.

Айниқса, Рамазон иссиқ кунларга тўғри келса мева-сабзавот, кўкатларга бўлган талаб ошади. Муборак кунларда нархлар икки баравар оширилса Рамазоннинг, мусулмонларнинг ҳурмати қаерда қолади? Буни назорат қилишнинг иложи борми? Ўзича фойдани икки баравар қилдим, деб хурсанд бўлаётган тужжор баракасидан олиб қўйилиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмайдими?

Аслида нархларнинг бундай асоссиз кескин ошишига ўзимиз бош айбдормиз. Йил бўйи олмаган нарсаларимизни ҳам Рамазон ойида икки, уч баравар баланд нархда бўлсаям сотиб олишга уринамиз. Бу эса баъзи учар сотувчиларга қўл келиши сир эмас.

Демак, бу муаммонинг сабабчиси икки томон. Аслида эса сотувчилар ва савдо шоҳобчалари муборак ойда турли чегирмаларни кўпайтиришлари уларга бир баравар савоб олиб келса, мусулмонларнинг Рамазонга муҳаббатини оширишда қилаётган хизматлари учун ва яратган қулайликлари учун икки баравар савоб олишлари мумкинку! Рамазонда нархларнинг сунъий оширилишининг олдини олиш учун нима қилиш керак? Бунинг учун истеъмолчилар озиқ-овқатларни исроф қилмай, меъёрида ишлатсалар, ифторликларда дабдабаларга, риёкорликка чек қўйилса, ҳаммаси ўз ўрнига тушиши аниқ.

Инсон бу дунёга еб-ичиш, кўнгилхушлик учун келмайди. Рамазон ойи ҳар биримиз учун синов ва савобларни қўлга киритиш ойи. Бу муборак вақтдан эса унумли фойдаланмоғимиз, нафақат ибодатимизни, балки амалларимизни ҳам чиройли қилмоғимиз, инсоф-диёнатни унутмаслигимиз керак.

Аллоҳим барчамизнинг тутган рўзаларимизни ва қилган эҳсон-садақаларимизни ўз даргоҳида қабул қилсин. Амин!

Саида Рустам қизи

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Эҳсонлар қабул бўладиган энг қулай фурсат