23:00 / 21.05.2019
3 564

Ўзбекистонда автомобиль чироқлари савдоси авжига чиқди. Бундан ким фойда кўрмоқда?

Ўзбекистонда автомобиль чироқлари савдоси авжига чиқди. Бундан ким фойда кўрмоқда?
Фото: ЎзА
Ўзбекистонда бугунги кунда автомобиль чироқлари билан савдо қилувчи дўконларда харидорлар кўпайган. Бир кунда биргина дўконда 30-40 та машина чироғи сотилмоқда. Бу юзасидан ЎзА мухбири Анора Содиқова суриштирув ўтказган.

Автомобилни ўт олдириш билан ёқилиб, ўчириш билан биргаликда ўчадиган чироқлар ҳам мавжуд. Улар 3500 сўм бўлиб уларни ўрнатиш ҳам 30-40 минг сўм баҳоланади. Ҳайдовчилар чироқларни ёқиб қолдиришдан хавфсираб, ана шундай ўт олдириш билан ёқилувчи чироқларга ўтишни маъқул кўрмоқда. Шу кунларда эса автомобиль созловчи устахоналарда одам гавжум. Чироқлар масаласи ҳайдовчилар манзилини устахонага қаратмоқда.

Автомобиль эҳтиёт қисмлари билан савдо қилувчи дўконларда яқинни ёритувчи чироқларнинг 5 мингдан 200 минг сўмгача нархланувчи турлари мавжуд. Аҳолининг айтишича, мазкур қонун амалга кирмасидан аввал уларнинг нархи 10 фоизга арзонроқ бўлган.

Чироқларни ўрнатиш ўрта ҳисобда 20-30 дақиқа ва 30-40 минг сўмгача маблағингизни олади. Ҳайдовчиларнинг далолат беришича, улар чироқларни куйиб қолиши, қайта-қайта вақт ва пул сарфланишдан азият чекмоқда. Янги қоида кучга кирганига 10 кун бўлганига қарамай, баъзи ҳайдовчилар чироқларни бир неча бор алмаштирганликларини таъкидламоқда.

«Avtoritet» дўкони сотувчи консултантининг фикрича, автомобиллар учун мўлжалланган ҳар қандай чироқлар иссиқ кун давомида узоқ ёқиб юриш оқибатида ёнғинга сабаб бўлади. У хоҳ Хитой, хоҳ Европа маҳсулоти бўлсин, уни улаб турувчи мослама 72 миллиметр бўлиб, қизиб кетса, қисқа туташувдан ёнғин содир бўлиши мумкин.

Мутахассисларни фикрича, узоқ ёқилса-да, куйиб қолмайдиган ёки ёниб кетмайдиган чироқларнинг ўзи мавжуд эмас. Led чироқлари махсус совитгичга эга экани сабабли қанча узоқ ёқилмасин, қизиб кетмайди. Бироқ уларни ишлатиш Ўзбекистонда тақиқланган бўлиб, улар қарама-қарши йўлда ҳаракатланаётган автомобиль ҳайдовчисига халақит қилади.

Яна бир маълумотларга кўра, маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан бўлган Akfa Lighting компанияси ҳам автомобиль чироқларини эҳтиёт қисмлар бозорига олиб кирган. Улар бозорда янги бўлгани учун маҳаллий ишлаб чиқарувчи чироқлари дўконларда учрамади.

Пойтахт кўчаларида бир қанча пиёдаларни суҳбатга чорлаб автомобилларнинг кундуз куни ёритилган чироқлари уларни ҳушёрликка чорлаётгани борасида сўрадик. Уларнинг кўпчилиги офтобнинг тиғида чироқларни пайқамаганликларини тан олмоқда.

Хулоса шуки, йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгартиришнинг айнан ҳайдовчиларни яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб юришларини талаб қилувчи қисми ҳозирда аҳоли эмас, кўпроқ чироқ ишлаб чиқарувчилар, эҳтиёт қисмлар билан савдо қилувчи дўкондор ва автомобиль усталарини хурсанд қилмоқда. Халқ эса кундуз куни чироқ ёқиб юришдан ҳозирча манфаатдор эмас.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда автомобиль чироқлари савдоси авжига чиқди. Бундан ким фойда кўрмоқда?