Ўзбекистондаги телешоу ташкилотчилари жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин

  • 24 июнь 2019, 13:57
  • 5 337
  • Жамият
  • Ўзбекистондаги телешоу ташкилотчилари жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин
    Қонунчилик палатасида 20 июнь куни «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши «Миллий ахборот маконида миллий манфаатлар: бугунги ҳолат ва истиқбол» мавзусида давра суҳбати ўтказилди, деб хабар бермоқда ЎзА.

    Унда давлат ва нодавлат телеканаллар орқали намойиш этилаётган хорижий сериаллар, таваккалчиликка асосланган турли телешоулар урфга айлангани, бу вояга етмаган ёшлар онги, тафаккурига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланган.

    Шунингдек. айни кунда кўп сонли томошабинлар, жумладан, партия электорати бўлган зиёлилар эътирозига сабаб бўлган медиа маҳсулотларнинг ахборот маконидан ўрин олаётгани, бу эса мамлакат имижига путур етказаётгани айтилган.

    «Борига барака», «Омад шоу», «Миллионер шоу», «Олтин калит» каби кўрсатувлар негизида меҳнат қилмасдан осон пул топиш, ўзгаларнинг ҳисобидан бир зумда бойиб кетиш каби чалғитувчи ғоялар борлиги тилга олинган.

    Қайд этилишича, 2007 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни (шу жумладан, тотализаторлар) ташкил этиш ва ўтказиш (тиражли, бир лаҳзали ва рақамли лотереялардан ташқари) тақиқланган. Шунингдек, қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан, интернет тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш, мамлакатимиз ҳудудига пул ютуғига эга бўлган ўйин автоматларини олиб кириш ман этилган.

    Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 16 августдаги «Қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган.

    «Давлат ва хусусий телеканалларда эфирга узатилаётган турли капитал шоулар юқоридаги қарор талабига жавоб берадими? Буни аниқлаш учун барча капитал шоуларни экспертлар баҳолаб бериши керак. Агарда ўша телешоулар таваккалчиликка асослангани ва қимор ўйини, деб топилса, ташкилотчилар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин», — дейилади хабарда.

    Қолдирилган фикрлар (1)

    Хамрокул 24 июня 2019 23:12
    Менга купрок тарихий кинолар ёкади ЗУР твидатбулаётган ертугрулни куймай куйишди у кинони кандай ёмон тарафи бор еди хозирда булаётган турк кинолари хаммаси бачкана
    0
    » » Ўзбекистондаги телешоу ташкилотчилари жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин